Устозлар хотираси ҳар дам ёдимизда... (+видео)
Ҳаёт – инсониятга туҳфа этилган бебаҳо имкониятидир. Бу имконни англаган инсон эса абадий ҳаётда ўзининг улуғ ўрнини эгаллай олади. Улуғлар ва буюклар сафида бўлган олим устозлар эса айнан абадиятга дахлдор бўлган кишилардир. Чунки улар оламни маърифат ва меҳр билан забт этган, заминга, башарият аҳлига тенг зиё сочган, устозлик шарафини олган, мўътабар рутбага эришган зотлардир. Шу боис, халқимизда “Олимлар оламни бошқаради” деган нақл ўзининг ҳаётийлиги, пурҳикматлиги билан аждодлардан авлодларга ўтиб келмоқда. Устозларимиз – илм-маърифат йўлига қадам босган янги ёшлар авлодининг жонкуяр мураббий сифатида доимо ёдимизда қолади.
Ҳар бир соҳанинг етакчиси, иш ичида чиниққан устаси, ҳар бир ютуққа эришган мутахассис бордирки, ўз устозини, илк қадам ва ютуқлари сабабчисини ёдда сақлайди. Устозларнинг ўгитлари, кўрсатган йўл-йўриқлари қалбларга муҳрланган ҳолда, ўқувчиларга ибрат бўлиб келади. Устозлар ҳар бир шогирди учун ташаббускор ғоялар берувчи маслаҳатгўй, айниқса шогирдининг ҳар бир ютуғидан боши осмонга етгувчи беминнат меҳрибон инсон.
“Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади” – дея нақл қилган эди улуғ аллома, етук муфассир, буюк тарихчи Абу Лайс Самарқандий. Дарҳақиқат, донишманд таърифлаганидек, Ўзбекистон осмонида чиққан ёруғ юлдузлар энди ширин хотираларимизда қолди ва бизни йўлчи юлдуз бўлиб ҳамон олдинга даъват этмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ljsyf2dXmrs?si=R5uBqh2BqEdfDu88" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА