Устозга эҳтиром, шогирдга эътибор
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Саҳҳоф» ва «Адабиёт» нашриётлари томонидан чоп этилган «Устозларга эҳтиром» китоби ҳамда ижод мактаблари ўқувчиларининг «Менинг биринчи китобим» лойиҳаси доирасида нашр этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда устоз-шогирд анъанаси, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг адабий салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда илк ижод намуналарини китоб ҳолида нашр этишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 январдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Фармонида ижод мактаблари ўқувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилган.

Шу вазифалар ижроси доирасида 2026 йил 6–9 июль кунлари Жиззах вилоятида истеъдодли ёш ижодкорларнинг анъанавий «Зомин семинари» ўтказилди.
Семинарда фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, улуғ адибларимиз номлари билан аталадиган 9 та ижод мактабининг ҳар биридан 5 нафардан — жами 45 нафар ижодкор ўқувчининг иштироки таъминланди. Ёш қаламкашларнинг ижод намуналари устоз ижодкорлар томонидан ўрганилиб, уларнинг адабий изланишлари ва келгусидаги ижодий имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, «Менинг биринчи китобим» лойиҳаси доирасида ҳар бир ижод мактабидан камида икки нафар ўқувчининг ижодий ишлари тўпламини нашр этиш вазифаси белгиланган эди. Семинар давомида ҳар бир ижод мактабидан 2 нафардан — жами 18 нафар истеъдодли ўқувчининг ижод намуналари китоб ҳолида нашр этиш учун тавсия қилинди.
Бугунги тақдимот ана шу эзгу ташаббуснинг амалий натижаларидан бири бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Менинг биринчи китобим» лойиҳаси доирасида 18 нафар ёш ижодкорнинг илк китоблари нашрдан чиқарилди.

Жумладан, Нурмуҳаммад Ҳасановнинг «Ибодат», Ҳанифахон Султонамированинг «Тахмин», Ҳикматбек Бойқобиловнинг «Куй», Лазизабону Зиёдуллаеванинг «Умид қўшиғи», Фарангиз Муҳаммадалиеванинг «Умид», Ҳуснирабону Собированинг «Изҳор», Чарос Исломованинг «Тилак», Дилноза Эшқулованинг «Илтижо», Муқаддас Оқбўтаеванинг «Тонг олди», Азизбек Шаймурзаевнинг «Мактуб», Райҳан Бекбаулиеванинг «Сыйқырлы китапхана», Бегзад Эрежеповнинг «Қайта тирилиш», Диёра Нажмиддинованинг «Сўнгги парвоз», Муштарийбону Раҳимжонованинг «Баҳор нафаси», Мубина Шарипованинг «Ёшлик боғи», Зилола Ғофуржонованинг «Ниҳол», Гўзал Ботированинг «Сукунат симфонияси» ҳамда Моҳинур Рўзиматованинг «Юрак амри» номли китоблари ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди.
Бу китоблар ёш қаламкашларнинг адабиёт оламига қўяётган илк мустақил қадамлари, уларнинг орзу-умидлари, кечинмалари ва бадиий изланишларини мужассам этган қимматли ижодий тўпламлардир.

Тадбир доирасида байрам арафасида нашр этилган яна бир муҳим китоб — «Устозларга эҳтиром» мажмуасининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу тўплам инсониятни жаҳолатдан нур ва маърифат сари етаклаб келган, авлодларга илм ва тарбия, эзгулик ва маънавият сабоғини берган устозларга бағишланган.
Китобдан турли даврларда яшаб, ижод қилган замонавий ўзбек адабиёти вакилларининг устозлик шарафини улуғловчи ижод намуналари ўрин олган.
«Устозларга эҳтиром» китобининг байрам арафасида ўқитувчилар эътиборига ҳавола этилиши рамзий маънога эга. Зеро, адабиётда ҳам, ҳаётда ҳам устоз ва шогирд муносабати авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлайди. Бугун илк китобини қўлига олган ёш ижодкорларнинг эртанги адабий камолоти замирида ҳам уларга йўл кўрсатган устозларнинг меҳнати, ишончи ва дуоси мужассам.
Тақдимот маросимида устоз ижодкорлар ёш қаламкашларни самимий қутлаб, уларга илк китобларини топширдилар. Ёш ижодкорларга келгусидаги ижодий изланишларида муваффақият тилаб, китоб ўқиш ва мутолаа маданиятини янада юксалтириш, адабиётга садоқат билан хизмат қилиш муҳимлиги таъкидланди.
«Менинг биринчи китобим» – илк қадам. «Устозларга эҳтиром» эса ана шу қадамларни маърифат ва адабиётнинг узвий анъаналари билан боғлаб турувчи маънавий кўприк.
Тадбир устоз-шогирд анъанасининг бардавомлиги, ёш истеъдодларга эътибор ва миллий адабиётимиз келажагига ишонч руҳида ўтди.
Н.Усмонова,
ЎзА