Устозга эҳтиром — авлодларга ибрат
Жамият тараққиёти, аввало, инсон қадрига бўлган эътибор, авлодлар ўртасидаги маънавий ворислик ва йиллар давомида тўпланган ҳаётий тажрибанинг муносиб давом эттирилиши билан белгиланади. Зеро, бугунги ютуқлар замирида кечаги машаққатли меҳнат, фидойилик ва ўз касбига садоқат билан хизмат қилган инсонларнинг улкан ҳиссаси мужассам. Устозлар тажрибаси эса ёш авлод учун шунчаки хотира эмас, балки келажак сари йўл кўрсатувчи ҳаёт мактабидир.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, кексаларни эъзозлаш, нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш ва ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сураётган инсонпарварлик тамойиллари, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя бу борадаги ишларнинг муҳим маънавий асосини ташкил этади. Айниқса, катта авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва ёшлар билан узвий алоқасини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Ана шу эзгу мақсадлар рўёби йўлида Бухоро вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Икки авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди.

Тадбирда инспекция фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшган, узоқ йиллар давомида соҳада самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий ходимлар иштирок этди. Бир пиёла чой атрофида кечган самимий суҳбатлар, самимий хотиралар ва ҳаётий мулоҳазалар учрашувга алоҳида файз бағишлади.
Бу ерда оддий мулоқотдан кўра теранроқ маъно бор эди. Чунки бир даврда соҳа ривожи учун масъулиятни зиммасига олган, ўз билими ва тажрибасини ишга сафарбар этган фахрийлар билан бугунги вазифаларни адо этаётган ходимлар бир даврага жам бўлди. Уларни боғлаб турган муштарак ришта эса касбга садоқат, ҳалол меҳнат ва эл-юрт равнақига дахлдорлик туйғусидир.
Инсон умри давомида эгаллаган билим ва кўникмаларини, меҳнат жараёнида орттирган тажрибасини бошқаларга ўргатса, унинг меҳнати янги мазмун касб этади. Шу маънода, фахрийларнинг ҳаёт йўли ёш ходимлар учун муҳим сабоқдир. Зеро, касбий маҳоратни китоблардан ўрганиш мумкин, аммо масъулиятни ҳис этиш, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, ишга виждонан ёндашиш ва одамлар ишончини қозониш кўп жиҳатдан ҳаётий тажриба орқали шаклланади.
Учрашув давомида кўп йиллик ҳалол меҳнати, юксак масъулияти ва фидойилиги билан соҳа ривожига ҳисса қўшган фахрийларнинг хизматлари эътироф этилди. Уларнинг босиб ўтган йўли, меҳнат фаолияти ва касбига бўлган садоқати ёш авлод учун ибрат мактаби экани алоҳида аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири