Устоз ва шогирдларнинг ижодий мулоҳазаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли рассом, педагог Муртазо Иргашев ва шогирдларининг “Устоз излаб” номли кўргазмаси очилди.
Кўргазма экспозициясида Муртазо Иргашев ва унинг шогирдлари –Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг рангтасвир ҳамда маҳобатли рангтасвир йўналишини турли йилларда тамомлаган Анвар Бобоқулов, Нодир Бобомуродов, Эркин Бозоров, Хуршид Иброҳимов, Зуҳриддин Қиёмов, Эрик Кулманов, Фарруҳ Мавлонов, Хуршид Назаров, Нуриддин Нарзиев, Марина Пак, Улуғбек Ражабов, Ўктам Саидов, Жамшед Чоршанбиев асарлари намойишга қўйилган.
[gallery-25439]
Устоз дастхати унинг манзара жанридаги асарлари ва этюдларида яққол кўзга ташланади. Ҳар бир асарни кузатар экансиз, рассомнинг табиат нафасини ҳис қилиши, тасвирга замон ва макон руҳини сингдириб, ҳиссиётлари ила уйғунлаштира олганига гувоҳ бўласиз.
Шогирдларнинг асарлари ҳам ўзига хос, айтиш мумкинки уларнинг барчаси устознинг меҳнати бежиз кетмаганини тасдиқлайди. Манзара жанридаги ишларнинг аксарияти мураккаб жанрга айлантирилган. Табиат манзараси анималистик ёки маиший жанр билан биргаликда борлиқни янада мукаммал, уйғун ифодалашга имкон яратган.
Бошқа залдаги экспозицияда замонавий руҳдаги, томошабинни чуқур мулоҳаза ва мушоҳадага ундайдиган асарлар жой олган. Уларда кўргазма иштирокчиларининг ташқи ва ички оламга муносабати, ижодий мулоҳазаларини кўриш мумкин.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА