Устоз ва шогирд учрашуви бўлиб ўтди
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси, таниқли ҳуқуқшунос Убайдулла Мингбоев билан маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда мактаб раҳбарияти, профессор ўқитувчилар ва Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсининг 2024-2025 ўқув йили тингловчилари иштирок этди.
Самимий тарзда ўтган маърифий учрашувда ҳуқуқшунослик соҳасида узоқ йиллик тажрибага эга Убайдулла Мингбоев бўлажак судьяларга ҳаётий тажрибасини, бошидан ўтказган, умр йўлида сабоқ бўлган воқеаларни сўзлаб берди.
Жумладан, болалик даврларидаги қийинчиликлар, уруш йиллари азоблари ҳали-ҳануз ёдидан кўтарилмаганини, ейишга бир бурда нон у ёқда турсин, қотган кунжара топилмаган пайтлар бўлганини айтиб берди. Устоз бугунги кундаги фаровонлик, тўқчиликни ҳеч нарсага алмаштириб бўлмаслигини, фақат унинг қадрига етиш лозимлигини уқтирди.
Айниқса, судьялик фаолияти, одоб-ахлоқи, юриш туриши-ю турмуш тарзи ҳақидаги фикрлари барчага манзур бўлди. Убайдулла Мингбоевнинг таъкидлашича, бугунги кун судьяси ҳар томонлама атрофидагиларга ўрнак бўлиши лозим. Бунинг учун судья биринчи навбатда жамиятда ўзини тута билиши ва ўз нафсига эгалик қила олиши керак. Боиси, уни билганлар, таниганлар ундан андоза олади ва унга қараб бутун бир тизимга баҳо беради. Судья аввало қонунга, одоб-ахлоқ меъёрларига қаттиқ риоя этиши лозим.
— Судьянинг иши қийин, машаққатли. Ҳар қадамда қайсидир маънода босимга кўп дуч келади. Ана шундай пайтда ўзини қўлга олиб, ақл-идрок ва қонунга амал қилган судьягина ҳақиқий судьядир, — деди устоз. — Онда-сонда бўлса-да нохуш хабарларни эшитиб, хижолат тортаман. Шу соҳанинг оқсоқолларидан бири сифатида суд ҳокимияти тизимида бундай нохуш ҳолатлар бўлмаслиги керак.
Умрини одил судловни таъминлашга бахшида этган, юзлаб шогирдларга устозлик қилган ва бутун суд тизими вакиллари оқсоқоли Убайдулла Мингбоевнинг ҳар бир гапи йиғилганлар учун катта ибрат мактаби бўлди.
Б.Худойбердиев,
ЎзА