Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида ўтказилган “Кашталар жилоси” – миллий ҳунармандчилик фестивали томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Унда туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғинининг фаол аёллари, маҳаллий ҳунармандлар, умумтаълим мактабларининг ўқувчи қизлари ҳамда уюшмаган ёшлар фаол иштирок этишди.
Ушбу фестивал доирасида маҳаллий ҳунармандлар томонидан тайёрланган каштакчилик буюмлари, ўзбек миллий анъаналари асосида тикилган либослар кўргазмаси, турли хонадон безаклари намойиш этилди.

Фестивал жараёнида ёш қиз ва жувонлар учун махсус маҳорат дарслари ташкил этилиб, улар миллий каштачилик санъатини яқиндан ўрганиш имкониятига эга бўлдилар. Эътиборлиси, устоз-шогирд анъаналари тамойилига кўра, ҳар бир тажрибали маҳаллий каштачиларга ўз ҳунарлари сир-асрорларини ўргатиш шарти билан 5 нафардан мактаб битирувчи қизлари ва вақтинча ишсиз бўлган қизлар ва уй бекалари бириктирилди.

– Ўзбек миллий қадриятларини асраб-авайлаш, ёшларга ҳунар ўргатиш ва устоз-шогирд анъаналарини ривожлантиришда бундай фестивалларнинг аҳамияти беқиёсдир, – дейди Зафаробод тумани ҳоким ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоҳида Мавлонова. – Ушбу фестивал ҳам ёш авлоднинг миллий ҳунарларга бўлган қизиқишларини янада оширишга ва каштачилик санъатини мукаммал эгаллашларида катта роль ўйнайди деб ўйлайман.

Тадбир якунида тумандаги фаол ҳунарманд аёллар, устоз-шогирд анъанасини ривожлантиришда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётган устоз ва шогирдлар ҳамда фестивалда фаол иштирок этган қатнашчилар туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрюбеков (сурат), ЎзА