Устоз санъаткор билан учрашув
Пойтахтдаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига кўра, умрини санъатга бахшида этиб келаётган, ўзбек миллий эстрадасини дунёга тараннум қилиб, юртимизнинг маданияти ва санъати нуфузини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшаётган устоз санъаткор — Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш бўйича бир қатор эзгу амалий чора-тадбирлар белгиланган эди.

Унга мувофиқ, устоз санъаткорнинг бетакрор ижодини ёш авлодга муносиб етказиш мақсадида Тошкент шаҳар Яшнобод тумани 7-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров номи берилди.

Фаррух Зокиров номи берилган Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида устоз санъаткор иштирокида мактаб ўқувчилари ҳамда педагоглар учун учрашув бўлиб ўтди.

Йиғилганлар мактаб фаолияти билан тўлиқ танишиб, дарс жараёнлари ва ижодий муҳитни кўздан кечирди.
Мазкур ижодий мулоқотда маданият вазири Озодбек Назарбеков, вазирнинг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов ҳамда соҳанинг таниқли вакиллари қатнашди.
– Албатта, кейинги пайтларда мамлакатимизда санъат соҳаси равнақига қаратилаётган улкан эътибор биз – ижодкор зиёлиларни жуда қувонтиради, – деди Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров. – Бундай эътибор камтарин меҳнатимга берилаётган юксак эътирофларда янада яққол кўзга ташланади.

Учрашувдан сўнг Фаррух Зокиров номидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқув-тарбия жараёнини мувофиқлаштириб бориш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича бадиий-педагогик кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Илк кенгашда капитал таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, мактаб моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, Фаррух Зокиров ижро дастури тўлиқ ноталаштирилиши ва уларнинг тўпламлари чоп этилиши ҳамда республика миқёсида таълим жараёнларига кенг татбиқ этилиши, “Ялла” номидаги болалар ансамбли йўлга қўйилиши каби масалалар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга ёшлар ижодий лабораторияси ҳамда “устоз-шогирд” анъаналари асосида эстрада йўналиши бўйича ижрочилик маҳорат мактаблари фаолиятини шакллантириш, ушбу мактабда ёзги тўгарак ташкил этилиб, ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларининг 3 нафардан энг иқтидорли ўқувчиларини мазкур тўгаракка жалб этилишига аҳамият қаратилди.
Шунингдек, ёзги тўгаракнинг иқтидорли 5 нафар ўқувчилари ҳамда уларнинг ўқитувчи ва концертмейстерларининг нуфузли халқаро танловларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджетидан қопланиши, 2026-2027 йилларда тажриба-синов тариқасида халқаро нуфузли танловларда ғолиб ва совриндор бўлган мактаб ва ёзги тўгарак ўқувчилари (жамоалари) ҳамда уларни тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер) тегишли тарзда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши кўзда тутилмоқда.
Эътиборга молик жиҳати, умумхалқ байрам дастурлари ва юқори даражадаги анжуманларнинг бадиий қисмида мактаб ва ёзги тўгаракнинг иқтидорли ўқувчилари ҳамда ижодий жамоаларининг иштирок этиши белгиланди.
Мазкур учрашув ёш истеъдод эгалари учун унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири