Устоз режиссёрнинг азиз хотираси ёди
Пойтахтимиздаги “Дийдор” театр-студиясининг янги ижодий мавсуми очилиши устоз санъаткор, Ўзбекистон санъат арбоби, моҳир режиссёр Баҳодир Йўлдошев хотирасига бағишланди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирга ижодкор зиёлилар, театр санъати мухлислари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов устоз режиссёр Баҳодир Йўлдошев мамлакатимиз миллий санъати равнақига улкан ҳисса қўшган фидойи инсон сифатида халқимиз қалбида мангуга муҳрланиб қолганини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, устоз режиссёр мамлакатимиздаги нуфузли тадбирлар, шу жумладан, давлат миқёсидаги йирик тантаналар, байрам шодиёналари, Мустақиллик куни ва Наврўз байрамига бағишлаб ўтказилган концертлар, «Шарқ тароналари», Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги ва Амир Темурнинг 660 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантаналарда бош режиссёр сифатида фаолият кўрсатган.
Шу билан бирга, Баҳодир Йўлдошев бир қатор бадиий фильмларда эсда қоларли роллар яратган ижодкор эди. Устоз миллий театр санъатимиздаги энг ёрқин спектаклларнинг саҳна юзини кўришига, уларнинг томошабин қалбидан чуқур ўрин эгаллашига сабабчи бўлган ўткир зеҳнли, қатъиятли, ўз теран қарашлари, ижодий позициясига эга бўлган санъат арбоби эди. Зеро, миллий театримиз саҳифаларидаги энг ёрқин, бадиий жиҳатдан пухта ва мукаммал саҳна асарларининг залворли исми устоз санъаткорнинг фидокорона меҳнатлари, чеккан заҳматлари билан бевосита боғлиқдир.
Айни пайтда Баҳодир Йўлдошев кўплаб истеъдодли актёр ва режиссёрлар, ижод аҳли учун ҳам касбга садоқатда, меҳнатда, Ватанига, халқига фидойиликда ўрнак бўлишга арзигулик инсон эди. У асос солган “Дийдор” театр-студияси кўплаб ёшларни янги изланишга чорлаши, ўзига хос рағбат, илҳом майдонига айлангани, бетакор спектакллари билан ҳам қадрлидир.
Тадбирда устоз санъаткорнинг ижоди, сермашаққат фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди. “Дийдор” театр-студиясининг янги ижодий мавсуми атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи асосида саҳналаштирилган шу номдаги спектакль намойиши билан бошланди.
Н.Усмонова, ЎзА