Устоз рассом, меҳридарё ижодкор
Устоз мусаввир, Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов асарлари олдидан бефарқ ўтиб бўлмайди. Унинг қаҳрамонларида руҳият, ўзига хос феъл-атвор, тақдир, армону изтироблар бор. Баҳодир аканинг картиналари умрнинг бебаҳо ва айни дамда ўткинчилигидан, эзгу амаллар, яхшиликнинг чексиз коинот каби мудом абадийлигидан сўзлайди. Бу ижодий ишлар ҳар бир инсонни чуқур мушоҳадага ундайди. Баҳодир акани ёшлар устоз рассом, меҳридарё ижодкор сифатида ғоят ҳурмат қилади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти совриндори, таниқли рассом ва педагог Баҳодир Жалолов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Баҳодир Жалол: санъат ва фалсафа уйғунлиги” мавзусидаги конференция, устознинг шогирд талабалари билан бирга бажарилган ижод намуналарига оид "Бирлик" номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда юртимизнинг етакчи олимлари ва маданият арбоблари иштирок этди.

Кўргазма давомида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Aюпов ўзининг санъат ва илм-фан, математика ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ҳақидаги мулоҳазаларини билдирди. У Баҳодир Жалоловнинг галактикалар, юлдузлар ва чексиз коинот тимсолларини акс эттирган асарлари ҳақида тўхталиб, улар замирида яширинган тартиб, қонуният ва структуралар математиканинг назарий моделларига жуда яқинлигини таъкидлади.
Академик Шавкат Aюповнинг фикрича, бадиий тасвир орқали коинотнинг ички тузилишини ифодалашга уриниш бу нафақат эстетик ҳаракат, балки илмий изланишнинг бадиий шакли ҳамдир.
Шунингдек, меҳмонлар ҳамда иштирокчилар “Баҳодир Жалолов: санъат ва фалсафа уйғунлиги” мавзусидаги конфренцияга таклиф этилди.
Анжуманда Баҳодир Жалоловнинг санъатга бўлган ёндашуви, унинг фалсафий қарашлари ва миллий тасвирий санъатдаги ўрни хусусида илмий таҳлиллар ўртага ташланди. Институт докторантлари рассом ижодининг турли жиҳатлари хусусида атрофлича фикр юритди.

Конференция доирасида Баҳодир Жалолов ижодига оид видеороликлар намойиш этилди. Ушбу видеороликларда рассомнинг машҳур асарлари, иш жараёнлари, интервьюлари ва ижодий изланишларидан лавҳалар жамланган бўлиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу материаллар орқали Баҳодир Жалоловнинг санъатга бўлган чуқур фалсафий ёндашуви ва руҳий изланишлари янада ёрқин намоён бўлди.
Анжуман якунида Баҳодир Жалолов ижодини ўрганиш, унинг асарларини келажак авлодларга етказиш, замонавий санъат ва фалсафани уйғунлаштириш йўналишида илмий изланишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Усмонова, ЎзА