Устоз ҳайкалтарош ижодига бағишланади
Азамат Ҳотамов мамлакатимизнинг машҳур ҳайкалтарошларидан саналади. Мамлакатимизда бапро этилган маҳобатли ёдгорликлар, хотира лавҳалари устоз ҳайкалтарош ижодига тааллуқлидир. Айни пайтда Азамат Ҳотамов бир қатор ёшларга ҳайкалтарошлик санъатидан сабоқ бераётган устозлардан биридир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги тегишли баёнига асосан жорий йилда Ўзбекистон ҳайкалтарошлик санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган атоқли ижодкор, “Дўстлик” ордени ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси “Олтин” медали соҳиби, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг ҳайкалтарошлик кафедраси доценти Азамат Ҳотамов таваллудининг 70 йиллиги кенг нишонланади. Бу ҳақда Бадиий академия матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Баёнда ҳайкалтарошнинг бетакрор ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, ёш авлодни халқимиз маданияти тарихи билан ғурурланиш ва ватанапарварлик руҳида тарбиялашга зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган чора-тадбирлар белгиланди. Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида шу йил апрель ойида Халқаро тасвирий ва амалий санъати фестивали доирасида А.Ҳотамовнинг 70 йиллигига бағишлаб ижодий-бадиий кечаси ва кўргазмасини ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Азамат Ҳотамовнинг 70 йиллигига бағишланган ижодий бадиий кеча, кўргазма билан бирга устоз ҳайкалтарош ижодини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳайкалтарош ҳаёти ва ижодига бағишланган кўрсатувлар тайёрлаш ва намойиш этиш, тадбирларни кенг ёритиш вазифалари амалга оширилади.
Н.Усмонова, ЎзА