Уруш тугайдими? Вашингтон шошиляпти, зарбалар эса давом этмоқда
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва давлат котиби Марко Рубио Эронга қарши уруш якунланиши мумкинлигини билдирди.
Вашингтон, ҳатто, келишувга эришилмаса ҳам амалиётни тезроқ тугатиш имконини кўриб чиқяпти. Трампга кўра, бу 2-3 ҳафта ичида амалга ошиши мумкин. Бинобарин, ушбу баёнот бироз ноаниқ, ўзгарувчан ёндашувга ҳам ишора қилаётгандек.
Можаро эса ҳали давом этяпти, янги ҳужумлар қайд этиляпти. Кувайт аэропортида дрон зарбасидан кейин ёнғин юзага келди, Баҳрайнда саноат мажмуасига зарба берилди. Қатар яқинида нишонга олинган танкерга шикаст етказилди. Теҳронда эса порт ва бошқа манзиллар ҳаво ҳужуми остида қолди.
Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият жиддий хавотир манбаига айланган.
Эрон минтақадаги АҚШ базалари ва иттифоқчиларига қарши зарбани давом эттирмоқда. Можаро Ливан ва Яман узра кенгаймоқда.
Вашингтон музокара эҳтимоли борлигини айтган, аммо Теҳрон жараённи расмий, деб ҳисобламаяпти. Яъни, фақат хабар алмашиш сифатида баҳолаяпти. Шу билан бирга, АҚШ компанияларига қарши таҳдид ҳам янгради. Демак, кескинлик ҳали юмшамаган.
Нефть нархи ошиши ва иқтисодий босим Қўшма Штатларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Сўровга кўра, америкаликларнинг аксари уруш тезроқ якунланиши тарафдори. Фронтдаги воқеалар ва ўзаро таҳдид шароитида тинчликка эришиш қийин кечмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА