Қурилиш кластерлари арзон ва сифатли уйларни тақдим этади
Айни пайтда заводнинг иккинчи босқичини ишга тушириш жараёни кетмоқда.
Наманган вилояти Чуст туманидаги “Наманган цемент” масъулияти чекланган жамияти корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот юқори сифати билан алоҳида аҳамиятга эга.
Биринчи босқичи ўтган йили август ойида ишга туширилган мазкур корхонада лойиҳага кўра кунига 700 тонна юқори сифатли цемент ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳага учун 20 миллион доллар маблағ сарфланди. Ҳозирда бу ерда 220 киши доимий иш билан таъминланган.
Айни пайтда заводнинг иккинчи босқичини ишга тушириш жараёни кетмоқда. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион тоннага етади. Умумий қиймати 49 миллион долларга тенг мазкур инвестицион лойиҳага 25 миллион доллар банк кредити, 24 миллион доллар корхонанинг ўз сармояси йўналтирилади. 2021 йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган навбатдаги босқич яна қўшимча 300 та иш ўрни яратиш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, “Наманган цемент” МЧЖдаги қурилиш ишлари корхонанинг ўз кучи билан амалга оширилмоқда. Бунинг учун жамиятда барча имкониятлар етарли. Жумладан, соатига 180 кубометр бетон қоришмаси тайёрлайдиган 3 та бетон узели, ўзини-ўзи кўтарувчи бетон опалубкалар, бетон ташувчи миксерлар, бетон насослар, минорали кран ва бошқа қурилиш техникаси ҳамда транспорт воситалари четдан пудратчи ёллашга ўрин қолдирмайди.
Муҳтасар қилиб айтганда, мазкур корхонани қурилиш соҳасидаги кластернинг намунаси дейиш мумкин. Цемент заводи, бетон узел ва қолиплари бор, техника, ишчи кучи етарли-ки, корхона жамоаси бемалол кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари хусусан, турар-жой бинолари қурилишининг уддасидан чиқади. Кластер тамойилида қуриладиган кўп қаватли бинолар, уйлар арзон ва сифатли бўлиши табиий. Чунки четдан деярли ҳеч нарса олинмайди, барча хом ашё ва воситалар мавжуд.

