Ургутда 8 мингдан ортиқ камбағал оила бор(ми?)
Ишчи гуруҳ маҳалладаги аҳоли томорқаларининг бугунги ҳолати билан яқиндан танишди.
Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, эрта баҳорги экинларни экишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятидаги маҳаллалардаги ҳолатни ўрганди.
Дастлаб Ургут туманининг Қуйи алгар маҳалласида фуқаролар йиғинлари раисларининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари, иссиқхона, қуёнчилик, паррандачилик, кўчатчилик билан шуғулланиб келаётган уста деҳқонлар ва томорқасидан унумли фойдаланмаётган фуқаролар иштирокида семинар ўтказилди.


Ишчи гуруҳ аъзолари томорқадан унумли фойдланишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, бунинг учун ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлар, ажратиладиган ер майдонлари, имтиёзли кредитлар, томорқа хизмати кўрсатувчи масъулияти чекланган жамиятларнинг вазифалари ҳақида маълумотлар берилди.
– Маҳалла фуқаролар йиғинларидан олинган маълумотларга кўра туманда 8 мингдан ортиқ камбағал оилалар мавжуд экан, – дейди республика фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Тўлқин Сатторов. – Лекин бу оилаларнинг аксариятида томорқа бор ва деҳқончилик қилиш, қўшимча даромад олиш учун имконият мавжуд. Фақат уларга тўғри йўл ва амалий ёрдам кўрсатиш зарур.

Ишчи гуруҳ маҳалладаги аҳоли томорқаларининг бугунги ҳолати билан яқиндан танишди. Бундан 30 йил аввал ҳовлисида бунёд этилган 3 сотихли иссиқҳонада ҳар йили помидор, бодринг ва кўкат етиштириб, рўзғори ободлигини таъминлаётган томорқа эгаси Тўрақул Каримов хонадони бошқаларга намуна қилиб кўрсатилди.
Шу маҳалладаги бошқа бир ҳовлида эса иқтисодий қийинчилик туфайли ҳайҳотдек томорқадан самарали фодаланилмаётгани аниқланди. Мазкур хонадонга шу куннинг ўзида “Ургут томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти томонидан дарахт кўчатлари ва картошка уруғлари бепул берилди ҳамда корхона техникалари ёрдамида томорқа шудгорланди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Тойлоқ туманидаги Адас ва Талли ота маҳалларидаги айрим томорқаларни ҳам кўздан кечирди.
Ўрганиш якунлари бўйича томорқачиларга зарур тавсиялар берилди.