UNWTO анжуманининг биринчи куни қандай ўтади?
Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида бошланган Жаҳон туризм ташкилоти тадбирлари дастурининг биринчи куни воқеаларга бой кечиши кутиляпти.
Куннинг биринчи ярмида Статистика ҳамда Дастур ва бюджет қўмиталари йиғилиши, шунингдек махсус вакиллар иштирокидаги ялпи мажлис бўлиб ўтади.
Бош ассамблеянинг 25-сессияси тантанали очилиш маросими соат 16.00 га белгиланган. Кун тартибидан дастлабки тадбирлар якуни бўйича UNWTO масъул вакиллари ҳамда Туризм қўмитаси раҳбарияти иштирокида брифинг ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон бугунги кунда Жаҳон туризм ташкилотининг энг фаол аъзоларидан бири ҳисобланади. UNWTO “Ипак йўли” лойиҳаси доирасида мамлакатимизни етакчи ҳамкорлардан бири сифатида эътироф этади. Ташкилот раҳбарияти Ўзбекистонни ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бебаҳо маданий ва тарихий обидаларга, моддий ва номоддий меросга эга ўзига хос давлат, деб ҳисоблайди.
Ғ.Хонназаров, А.Исроилов (сурат), ЎзА