Университетимизда таълим сифати ошмоқда
Акс-садо
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 25-26 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида далиллар асосида қатор соҳалар таҳлил қилинди ва ниҳоятда долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, Наманганда мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани учун масъул комплекслар ва вилоятдаги раҳбарлар танқид қилинди.
Жумладан, Президентимиз томонидан масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлаши зарурлиги таъкидланди. Сирдарё вилоятининг Сайхунобод тумани мисолида Уйчи туманидаги 56 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, томорқадан 60-70 миллион сўм даромад олиш бўйича намуна яратиш топширилди. Бу – жуда катта эътибор ва имконият.
Баъзи хонадонлар, маҳаллалар ҳар қарич ердан унумли фойдаланаётганига, мавсумда ердан бир неча маротаба ҳосил олишга эришаётганига гувоҳмиз. Аксар маҳаллалар деҳқончиликни ўз драйверига айлантиришга ҳам улгурган. Лекин бу етарли эмас.
Давлатимиз раҳбарининг 35 минг хонадонга гулчилик, иссиқхона, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай, картошка етиштиришга кўмаклашиш мақсадида етарли миқдорда кредитлар ажратилиши ҳақидаги кўрсатмаси минглаб оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Вазифалардан келиб чиқиб, Наманган давлат университетида ҳам муайян чора-тадбирларни белгилаб олмоқдамиз. Технология, биотехнология, тупроқшунослик, сув ресурслари, туризм каби қатор йўналишларда кадрлар тайёрлаш борасида масъулиятни кучайтирмоғимиз керак. Қолаверса, ташриф жараёнида вилоятдаги 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази тарқоқ ҳолда 6 та туман ва шаҳарда жойлашгани, оқибатда беморлар бир шифохонадан иккинчисига сарсон бўлиб, ортиқча пули ва вақтини сарфлаётгани, шу боис бу 16 та марказ негизида 3,5 минг ўринга эга 2 та – биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилиши таъкидланди.
Бунда шошилинч ва бошқа тиббий хизматлар, диагностик текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаш, аҳолига доимий хизмат кўрсатиш имкони яратилади. Австрия билан ҳамкорликда Наманган шаҳрида замонавий гемодиализ марказини ишга тушириш режалаштирилди.
Шунингдек, мамлакатимизда инфаркт ва инсульт асорати оқибатида фаол ҳаёти чекланган аҳолини тиббий ва ижтимоий реабилитация билан тўлиқ қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди. Бу борадаги ишларни яхлит тизим асосида ташкил қилишга кўрсатма берилди.
Шу муносабат билан мутасаддиларга инсульт ва жарроҳлик амалиётидан сўнг реабилитация қилиш бўйича ягона миллий тизим яратиш, телевидение, радиода соғлом турмуш, тўғри овқатланиш тарғиботини кучайтириш юзасидан тавсиялар берилди.
Маълумки, бу вазифалар ҳам бизнинг фаолиятимизга дахлдор. Университетда ҳозир бир неча йўналишда тиббиёт ходимлари тайёрланмоқдаки, юқоридаги вазифаларнинг ижроси тиббиёт соҳасида етук кадрлар тайёрлашни тақозо этади.
Президентимиз томонидан айтиб ўтилган фикрлар, таклифлар, топшириқлар аслида Наманган вилоятининг бугуни, эртаси ва келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Агар ҳар биримиз ўз вазифамизга виждонан ёндашиб, шижоат билан меҳнат қилсак, кўзлаган мақсадларимиз ва муваффақиятларга эришамиз.
Наримон Деҳқонов,
Наманган давлат университети биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори.
ЎзА