Университет янги ўқув йилига тайёр
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида матбуот анжуман бўлиб ўтди.
Унда университет ректори Бахтиёр Мардонов қабул жараёнининг якуни, янги ўқув йилига тайёргарлик ва университет илмий салоҳияти ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда университетда 4 та - Кончилик, Энерго-механика, Кимё-металлургия ва Қишлоқ хўжалиги факультетларида 24 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 19 та магистратура йўналишларида мутахассислар тайёрланмоқда. 2022-2023 ўқув йилида талабалар сони 8515 нафарни ташкил этган бўлса, янги ўқув йилида 9500 нафарга етказилди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 мартдаги “Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, жорий ўқув йилидан бошлаб 5 та бакалавриат таълим йўналишлари очилди, – дейди университет ректори Б.Мардонов. – Шунингдек, “Логистика”, “Бино ва иншоотлар қурилиши”, “Муҳандислик коммуникация тизимлари қурилиш ва монтажи”, “Қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва уларни ишлаб чиқариш технологиялари” ҳамда “Метрология, стандартлаштириш ва сифатни бошқариш” каби 5 та магистратура мутахассисликлари очилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида илмий ишлар ва инновациялар соҳасида 22 та ҳимоя ишлари муваффақиятли амалга оширилди.
[gallery-13382]
Университет жамоаси томонидан умумий қиймати қарийб 14,4 миллиард сўмлик илмий-инновацион лойиҳалар, жумладан, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 5 та давлат гранти, корхоналарнинг муаммолари ечимига оид 17 та хўжалик шартномалари, корхоналар ва ташкилотларга турли хилдаги хизмат кўрсатиш ва сервис бўйича 1 та ҳамда хорижий университетлар билан 6 та халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда университетда таҳсил олувчи талабаларнинг қизиқишларига қараб 77 та тўгараклар ташкил этилган бўлиб, уларнинг 9 таси тўлиқ лаборатория-техник шароитларга эга.
Университетнинг таълим ва тадқиқот жараёнларига малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. 2022/2023 ўқув йилида университетга Испания, Германия, Англия, Россия, Беларусь, Қозоғистон каби давлатлардан 34 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар жалб этилди.
Шу кунга қадар, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети билан хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари ўртасида имзоланган англашув меморандумлари сони 73 тани ташкил қилмоқда.
Айни пайтда университетда 27 та гуруҳда сертификати бор талаба ва ўқитувчилар танлаб олинган ҳолда мутахассислик фанлари бўйича дарслар инглиз тилида ўтилади. Ҳозирда 700 ўринли талабалар турар жойи мавжуд. Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилиги асосида 5 қаватдан иборат 400 ўринли ётоқхона қурилмоқда. Ушбу маскан 2025 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шунингдек, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор ва тьюторлар ижарада турувчи талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари билан боғланган ҳолда иш олиб бормоқда.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга университет ректори батафсил жавоб қайтарди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА