Университет халқаро рейтингда юксалмоқда
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети илк бор Times Higher Education Sustainability Impact Ratings – 2026 халқаро рейтингида дунё университетлари орасида 601-800 ўринлар диапазонида қайд этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим тизимини модернизация қилиш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ҳамда университетларни глобал академик майдонга интеграция қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Рейтинг натижаларига кўра, университет БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича бир қатор йўналишларда юқори кўрсаткичларни қайд этган. Жумладан, сифатли таълим бўйича 101-200 ўрин, барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктлари бўйича 201-300 ўрин, арзон ва тоза энергия ҳамда саноат, инновациялар ва инфратузилма йўналишларида 301-400 ўрин, шунингдек, қашшоқликка барҳам бериш ва халқаро ҳамкорлик бўйича 401-600 ўрин, гендер тенглиги йўналишида эса 601-800 ўринни эгаллаган.
Бу натижалар университет фаолиятида нафақат таълим, балки ижтимоий ва экологик масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.
Дарҳақиқат, юртимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, университетлар халқаро академик муҳитга тобора фаол интеграциялашмоқда. Натижада эса таълим сифати яхшиланиб, илмий изланишлар кўлами кенгаймоқда ҳамда талабалар учун янги имкониятлар яратилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири