Университет ва маҳалла ҳамкорлиги давом этмоқда
Мамлакатимизда уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, олий таълимда ўқишини давом эттиришга кўмаклашиш мақсадида олий таълим муассасалари ва маҳаллалар ҳамкорлиги йўлга қўйилган.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳам Чилонзор туманидаги бир қатор маҳаллалар билан ҳамкорлик олиб бормоқда. Университет томонидан маҳалла ёшлари учун турли хил тўгараклар ташкил этилиб, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси Чилонзор туманидаги Дилобод маҳалласида бўлиб ўтди. Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, Дилобод маҳалласи фаоллари, ҳудудда жойлашган 182-умумтаълим мактаби жамоаси ва маҳалла ёшлари иштирок этди.
Бугунги кунда Дилобод маҳалласида қарийб 5 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улардан 50 нафари „Ёшлар дафтари», 18 нафари "Аёллар дафтари"га киритилган.

Тадбир доирасида «Маҳаллага китоб совға қиламан» акцияси ташкил этилди. Университет профессор-ўқитувчилари ва фаол талабалари томонидан маҳалла ёшларига китоблар совға қилинди. Шунингдек, 5 та муҳим ташаббус доирасида рассомчилик ва китобхонликни тарғиб этишга қаратилган лойиҳалар бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.
Учрашувда университет масъуллари томонидан маҳалла ёшлари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, маҳалла ёшлари олийгоҳда ташкил этилган тўгарак ва ўқув курсларига таклиф қилинди.
Файзулло Яхёев, ЎзА