Университет илмий салоҳияти юксалмоқда
Сарҳисоб
Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда олий таълимни ислоҳ қилиш, ўқитиш тизимини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, таълим даргоҳлари илмий салоҳиятини юксалтириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, олиб борилаётган илмий ва илмий-тадқиқот ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада университетимизда ҳам профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, таълим масканимиз илмий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда университетимизда бакалавр йўналишида 48 та мутахассислик бўйича 18 минг 652 нафар талаба, 17 та ихтисослик бўйича 213 нафар магистр, шунингдек, 34 та ихтисослик бўйича 217 нафар стажор-тадқиқотчи, таянч докторант ва докторант таҳсил олмоқда. Мавжуд 34 та кафедрада 795 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб боради. Улардан 48 нафари фан доктори, 209 нафари фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга.

Бугунги кунда университет ҳузурида 7 та илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 2023 йилда тегишли ихтисосликлар бўйича 35 та фалсафа доктори, 6 та фан доктори диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинди. Шунингдек, илмий кенгаши тавсиясига кўра, университетда фаолият олиб бораётган ўқитувчилардан 11 нафарига профессор, 31 нафарига доцент илмий унвони берилди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида профессор-ўқитувчиларимиз ва иқтидорли талабаларимиз томонидан 36 та монография, 52 та дарслик, 171 та ўқув-услубий қўлланма яратилди. Шунингдек, 1 та патент, 43 та ахборот-коммуникация технологияларига оид дастур ва электрон маълумотлар базалари учун гувоҳномалар олинди.
Университетда бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларини жонлантириш, хусусан, фундаментал ва инновацион тадқиқотлар бўйича лойиҳалар тайёрлаш кўлами, сифатини ошириш мақсадида мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ҳамда фанлар академиясининг етакчи олимлари, Фан ва технологияларни мувофиқлаштириш ва бошқа илмий марказлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда дунёнинг қатор нуфузли олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда 6 та халқаро, 3 та республика миқёсидаги илмий-амалий анжуманлар ўтказилди.
Университет томонидан 2023 йилда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан профессор-ўқитувчиларнинг 2 миллиард 880 миллион сўмлик 3 та стартап, 1 та амалий ва 1 та фундаментал лойиҳалари молиялаштирилди. Бундан ташқари, олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий жамоалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, янги илмий мактаблар ташкил қилиш ва шу орқали университет илмий салоҳиятини юксалтириш мақсадида 2024 йил учун жамоавий илмий-инновацион грантлар дастури эълон қилинди. Ушбу дастур доирасида бир йил давомида амалга ошириладиган ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Мазкур дастур бўйича илмий бўлимга 13 та лойиҳа тақдим этилди. Университет Илмий-техник кенгаши хулосасига асосан, ана шу лойиҳаларнинг 9 таси молиялаштирилди.
Бугунги кунда университетнинг 15 нафарга яқин профессор-ўқитувчиси хорижий илмий лойиҳаларга раҳбарлик қилмоқда.
2023 йилда университетимиз 47 нафар профессор-ўқитувчисининг илмий мақолалари Scopus ҳамдa Web of Science маълумотлар базалари рўйхатига киритилган халқаро илмий журналларда чоп этилди. Шу билан бирга, Scopus ҳамдa Web of Science маълумотлар базаларида Xirsh индекси 3 ва ундан юқори бўлган профессор-ўқитувчилар сони 8 тага етди. Ана шу натижага эришган профессор-ўқитувчиларимиз университет ректорати томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ўтган йили университетимиз Times Higher Education агентлигининг Impact Rankings рейтингида 1001+ ўринни эгаллади, World University Rankings рейтингида эса кузатувчи мақомига эга бўлди.
Илм-фан чўққиларини эгаллаш, илмий-тадқиқот йўналишларида ёш олимларимиз, талабаларимиз томонидан эришилаётган ютуқ ва натижалар салмоғи ҳам ортиб бормоқда. Ўтган йили талабаларимиздан 1 нафари Президент, 15 нафари Беруний, Навоий, Бобур сингари номдор стипендиялар совриндори бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси томонидан ўтган йилнинг октябрь ойида Нукус шаҳрида математика фани бўйича ўтказилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиадада университетнинг математика таълим йўналиши талабалари фаол иштирок этиб, 2 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди.
Университетнинг Бизнес инкубация ва акселерация маркази томонидан талабалар жамоасидан иборат гуруҳларнинг 4 та стартап лойиҳасини молиялаштириш учун 140 миллион сўм маблағ ажратилди.
[gallery-15604]
Бир сўз билан айтганда, айни кунда университетимиз илмий салоҳиятини юксалтириш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, ҳар жиҳатдан етук, давр талабига жавоб бера оладиган малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Акрамжон Юлдашев,
Андижон давлат университети ректори, профессор.
ЎзА