“Unicorns” лойиҳасида 25 та стартап молиялаштирилди
Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Андижон шаҳридаги “Рақамли шаҳар”да “Unicorns ” лойиҳасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг жорий йил 21-22-май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг энг яхши стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун маблағ ажратилиши ҳақидаги кўрсатмасига мувофиқ амалга оширилди.
Якуний Ҳакамлар ҳайъати аъзолари лойиҳаларни 4 асосий мезон, яъни лойиҳанинг инновационлиги, мақсадга мувофиқлиги, жамоавий салоҳият ва ижтимоий таъсири бўйича баҳолади. Танлаб олинган 25 та стартап ғолиблик учун курашди.
Баҳолаш натижаларига кўра, 10 та лойиҳага 2 миллион сўмдан “Рақамли шаҳар”дан фойдаланиш учун ваучерлар тақдим этилди. Яна 10 та лойиҳага 40 миллион сўмдан беғараз грант ажратилди. Қолган 5 та лойиҳага икки тарафлама келишув асосида инвестиция киритилишига келишиб олинди.