Ҳунармандчилик янада ривожланади
Термизда Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Термизда Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, тижорат банклари ходимлари, ҳунармандлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Давра суҳбатида "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбари М.Жўраева, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси масъул ходими К.Исломов ва бошқалар мамлакатимизда сўнгги йилларда миллий қадрият ва ноёб анъаналаримиз ўз ифодасини топган нафис ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаб, ривожлантиришга қаратилаётган эътибор соҳани тубдан юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бу жараёнда уюшма аъзоларига қатор имтиёзлар берилиб, уларнинг меҳнатларини рағбатлантириш йўлга қўйилгани қайд этилди.
Сурхондарё вилоятида кейинги икки йилда "Ҳунарманд" уюшмасидан рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиш истагини билдирганлар сони беш бараварга ошгани ҳам бунга яққол далилдир. Жумладан, айни пайтда воҳада 2 минг 300 дан ортиқ ҳунарманд 22 йўналишда изланиб, меҳнат қилмоқда. Улар "Устоз-шогирд" анъанасини йўлга қўйиб, уч мингдан ортиқ шогирд тайёрлаётир. Вилоятда қабул қилинган дастур доирасида йилнинг ўтган даврида 554 лойиҳа учун 17 миллиард 685 миллион сўмлик маблағ ажратилиб, 569 янги иш ўрни яратилди.

Воҳа ҳунармандлари жорий йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида 200 дан ортиқ маҳсулоти билан иштирок этди. Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида шу йил 10-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 60 ҳунарманд ўз маҳсулотини намойиш этиб, мастер-класс дарслари ўтказди.
– Ушбу қарор халқ амалий санъатини ривожлантириб, халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолишда тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди, – дейди "Ҳунарманд" уюшмаси Денов тумани бўлими бошлиғи Қ.Ниёзов. – Шунингдек, аҳоли даромадларининг ошиши, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш орқали уларнинг иш билан бандлигини таъминлашда бир қатор қулайликлар яратилди. Туманимизда ҳозир 185 ҳунарманд уюшмага аъзо бўлиб, 19 йўналишда маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Қарорнинг қабул қилиниши бу ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.

Қарор билан республика ҳудудлари ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилаётир, ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотишга кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳудудларга бириктирилди. Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ўзига бириктирилган ҳудудлардан бошқа ҳудудларда фаолият юритувчи ҳунармандлар маҳсулотларини ҳам чет элда намойиш этиш ва сотишга амалий ёрдам кўрсатиши белгиланди.
Давра суҳбатида соҳага берилаётган имтиёзлар, имтиёзли кредитлар ажратишнинг аҳволи, халқ амалий санъати усталарининг янги ташкил этилаётган Миллий каталоги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан уюшма ҳамкорлиги, замонавий "ҳунармандлар бозори" каби қатор масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди. Вилоятда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.