Умумий ҚҚСнинг катта қисми умумий овқатланиш ва туризм соҳасига қайтарилган
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йил бошидан 32,3 миллиард сўм солиқ тўловлари туризм, умумий овқатланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларга қайтарилди. Бу чора тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш ва соҳадаги фаолиятни ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, бюджетга тўланган қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) қайтарилиши қуйидаги тартибда амалга оширилди. Туроператорлар ва меҳмонхоналар: 15 та туроператорга 273,1 миллион сўм ва 99 та меҳмонхонага 1,6 миллиард сўм, умумий овқатланиш корхоналари: 587 та корхонага 25,6 миллиард сўм, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари: 28 та корхонага 1,1 миллиард сўмни ташкил этади. Заргарлик корхоналари 111 та корхонага 3,7 миллиард сўм ҚҚС қайтарилди.
Шу билан бирга, таҳлилдан кўринадики, умумий ҚҚСнинг катта қисми умумий овқатланиш ва туризм соҳасига қайтарилган. Бу эса ушбу соҳаларда фаолият юритувчи тадбиркорлар учун ликвидликни ошириш ва янги инвестицияларни жалб қилиш имкониятини яратади.
ҚҚСнинг ўз вақтида қайтарилиши тадбиркорлар учун қўшимча молиявий оқим яратади. Соҳада рақобатни оширади ва хизмат сифати юқори бўлишига хизмат қилади. Кичик ва ўрта бизнеснинг барқарор ривожланишига кўмаклашади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА