Умримнинг 20 йили қамоқда ўтди....
Бу динимизни ниқоб қилиб олган шахслар таъсирига тушиб, турли ёт ғояларга эргашган, адашганини панжара ортида ўтиргандан кейин билган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида яшовчи И.Султоновнинг пушаймонлик сўзлари.
Бу динимизни ниқоб қилиб олган шахслар таъсирига тушиб, турли ёт ғояларга эргашган, адашганини панжара ортида ўтиргандан кейин билган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида яшовчи И.Султоновнинг пушаймонлик сўзлари.
– Бу қилмишим учун 20 йил қамоқда ўтирдим. Президентимизнинг бағрикенглиги ва кечиримлилиги билан муддатидан олдин озодликка чиқдим. Уч фарзандим вояга етиб қолди. Энди уларни уйли-жойли қилишим керак. Ҳалол меҳнат қилиб, менга билдирилган ишончни албатта, оқлайман. Агар ер майдони ажратишга ёрдам берилса савдо дўкони, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ва сартарошхона ташкил этиб, фарзандларим билан тадбиркорликни йўлга қўйиш ниятидаман Бу иш учун қариндошларим ҳам молиявий кўмак бермоқчи. Турмуш ўртоғим мени кўриш учун қамоқхонага бораётганида автоҳалокатга учраб боши қаттиқ лат еган. Уни даволатиш учун маблағ керак.
Президентимизнинг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Сурхондарё вилоятидан 5 нафар шахс афв этилди.

Вилоят ҳокими Тўра Боболов улар билан дилдан суҳбатлашиб, муаммоларини тинглади. Ўртага ташлаган масалаларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Искандар Султоновга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун ер майдони ажратиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ берилди. Қурилиш ишларига 1 тонна цемент, 5 минг дона пишиқ ғишт ва 80 дона шифер берилиши таъкидланди.
Шунингдек, ҳар хил оқимлар таъсирига тушиб қолган ва тегишли жазо муддатини ўташ чоғида қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтгач, афв этилган сариосиёлик А.Шокиров, деновлик М.Қулмаматова, жарқўрғонлик А.Раҳмонов, шерободлик Ж.Аминқуловларнинг ҳам соғлиғи, оилавий аҳволи, муаммолари ўрганилиб, уй-жойини таъмирлаш, молхона қуриш, соғлигини бепул тиклаш, ишга жойлаштириш каби масалаларда зарур ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Бу борада мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Афв этилганлар гуноҳларини кечирган ва жамиятда ўз ўрнини топишига яна бир бор имконият берган Президентимизга миннатдорлик билдирди.