Умри қўшиқларида давом этаётган санъаткор
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида атоқли санъаткор, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров таваллудининг 95 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
"Инфолиб Ўзбекистон - 2021" X Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ташкил этилган мазкур тадбир ҳар қандай аввалдан режалаштирилган, режиссёрлар томонидан пухта тайёргарлик кўрилган концерт дастурларидан сира қолишмади, ҳатто афзал бўлди, десак янглишмаймиз.

Гарчи тадбир Zoom иш тартибида ташкил этилган бўлса-да, унда халқимизнинг машҳур ва ардоқли санъаткорлари билан бирга ўзбек ва тожик халқларининг севимли хонандаси, устоз санъаткор Жўрабек Муродовнинг шахсан келиб иштирок этгани, беназир қўшиқчининг наинки Фахриддин Умаров, балки жонажон Ўзбекистонимизга бўлган чексиз эҳтироми, меҳри ва ростмана ҳурматининг амалий ифодаси бўлди.
Катта авлод вакиллари Фахриддин Умаровнинг нечоғли истеъдодли, бетакрор овоз соҳиби бўлганини кўп бора айтади. Дарҳақиқат, хонанданинг қўшиқлари ўз даврида таъбир жоиз бўлса, ҳозирги тилда таъриф берганда "хитга айланган" қўшиқлардир. Айни пайтда миллий мусиқамизнинг чин ихлосмандлари бу қўшиқларни ҳамон тинглайди.

- 1955 йиллар бўлса керак, бир гуруҳ ўзбек санъаткорлари қаторида Фахриддин Умаров ҳам Тожикистонга ижодий сафар билан бордилар, - дейди Жўрабек Муродов. - Тожик халқи уларнинг ижроларини жуда интиқлик билан кутиб олди. Устоз менинг ижромни тинглаб кўриб, дуо берган эдилар. Шундан буён улар билан ака-ука эдик. Фахриддин Умаров эл учун ижод қилган санъаткордир. Мана эллик йилдан буён у кишининг торлари менинг қўлимда. Бу тор мен билан жаҳоннинг қанча -қанча давлатларида ижодий сафарларда бўлди. Устоз Фахриддин Умаров шеърни теран англайдиган, ўз даврининг жуда машҳур санъаткори эди. Устознинг руҳи шод бўлсин, илоҳим!
Хотира кечасида Ғуломжон Ёқубов, Хайрулла Лутфуллаев, Абдуҳошим Исмоилов Фахриддин Умаровнинг ижод йўли, устозлик мақоми, қўшиқларининг миллий санъатимиздаги аҳамияти хусусида батафсил сўз юритди.
Турон фанлар академияси президенти Ҳайдар Бобобеков Фахриддин Умаровни фахрий академик унвонига сазовор этиб, ҳофизнинг фарзанди Жамолиддин Умаровга нишон топширди.
Фахриддин Умаровнинг фарзандлари, оила аъзолари санъаткор хотирасини эъзозлаш борасида кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Хотира кечаси миллий мумтоз қўшиқларнинг бетакрор гулдастаси, санъат, дўстлик, эзгулик байрами сифатида юксак савияда ўтди. Ҳа, чиндан ҳам Фахриддин Умаровнинг иккинчи умри унинг дилбар қўшиқларида, наинки тасмаларда, балки мухлислар юракларида қолган бетакрор овозида ҳамон яшамоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА