“Умра” зиёратига юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга энг устувор вазифа сифатида қаралиб, хусусан, фуқароларимизнинг муқаддас “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларига боришлари ҳамда эзгу амалларни хавфсиз ва тўла-тўкис адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Афсуски, айрим сайёҳлик фирмалари “Умра” зиёратини ташкил этиш бўйича тегишли лицензияга эга бўлмасдан, ҳамюртларимизни Саудия Арабистонига олиб бориб, ёлғиз ва қийин шароитларда қолдиришлари оқибатида ватандошларимиз сарсон-саргардон бўлганликлари ҳам аччиқ ҳақиқат.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, Фарғона вилоятида ноқонуний равишда “Умра” зиёратига юбориш билан боғлиқ ҳолат аниқланди.
Маълум бўлишича, Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирма раҳбари 2 нафар фуқарони “Умра” сафарига жўнатишни ваъда қилиб, 2200 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Чортоқ туманида фаолият юритувчи сайёҳлик фирма ишчиси 2 нафар фуқарони “Умра” сафарига юбориш эвазига 2200 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 400 доллар олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА