Улуғ халқ қудрати жўш урган замон
10 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Сана муносабати билан Бухоро шаҳридаги «Абу Хафс Кабир» зиёратгоҳида мангу қўниб топган инсон, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасини басталаган буюк композитор Мутаввакил Бурхонов пойига гул қўйиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти ва шаҳар бўлими, олий таълим муассасалари, халқ таълими, мактабгача таълим, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Миллий гвардия вилоят бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари, мактаб ўқувчилари қатнашди.

– Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мустақилликка эътиқодни тарғиб қилади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева. – Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, ташаббускорлик ва курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади. Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, аҳамиятли митинглар, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифода этади.
1992 йил 10 декабрь тарихимизга мустақиллигимизни мустаҳкамлаш даврининг муҳим воқелиги содир бўлган кун сифатида кирди. Ушбу санада Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонун қабул қилинди. Мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат, бунёдкорлик ва тадбиркорликка руҳ бағишлашга хизмат қиладиган истиқлол рамзидир. Юртимиз вакиллари иштирок этадиган халқаро миқёсдаги сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларида мазкур шукуҳли тарона жаранглаганда қалбларимиз фахру ифтихорга тўлади.

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.
Шу куни вилоятнинг барча корхона, ташкилот ва муассасаларида сана муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА