“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсолдир.
Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.
Озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари — Давлат герби, Давлат байроғи, Давлат мадҳияси азиздир. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму-шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.
Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетининг асоси сифатида 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, давлат ва миллат рамзларининг конституционал асоси яратилди.
Ўзбекиcтон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинган кун ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат марказида “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” мавзусида маданий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Божхона институти бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Восид Эргашев, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси, шоир А.Ориповнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Орипова, Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова, Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олганлар ер юзида икки юзи элликка яқин давлатлар мавжуд бўлиб, ҳар бир мамлакатнинг ўз Давлат мадҳияси борлиги, ҳар бир мадҳия ўша халқнинг орзу-умидлари, озодлигини ифодалашини таъкидладилар. Улар билан бир қаторда акс садо бериб турган мадҳиямиз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни кўрсатиб туради.
Шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов сўзи, Мутал Бурхонов мусиқаси остида басталанган халқимиз қўшиғининг улуғворлиги, ўзида халқимизнинг тарихий орзу-умидлари яшаши, ҳар бир Ватан фарзанди Давлатимиз мадҳиясига муносиб эҳтиром кўрсатиши лозимлиги тўғрисида сўз юритдилар.
Тадбир давомида Божхона институтининг курсантлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърий чиқишлар, халқимиз эъзозидаги хонандалар томонидан куй-қўшиқлар янгради.
Токи Ватанимиз мадҳияси янграр экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан мадҳияси ер курраси аро янграйверади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА