Қулай ишбилармонлик муҳити самараси
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар янада кўпайди.
Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар сонини чеклаш, тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятни эркинлаштиришга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар янада кўпайди.
Бундай имкониятлар туфайли тадбиркорликнинг, айниқса, кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши жорий йилнинг биринчи ярмида 43,9 фоизни ташкил этди. Соҳада аҳоли бандлиги 76,4 фоизга етди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида иқтисодиётда тадбиркорлик тараққиёти ҳамда инвестициявий имкониятларнинг ҳуқуқий асослари мавзусига бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.
Адлия вазирлиги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорлик фаолиятини юритиш шарт-шароитлари тобора яхшиланаётганини таъкидлади. Бу иқтисодиётимиз изчил ривожи ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Президентимизнинг юқорида қайд этилган фармонига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган, ишлаб чиқариш суръатларининг барқарор ўсиши ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ соҳасида текширишни тақиқлаш бўйича мораторий муддати 2017 йил 1 январга қадар узайтирилди. Яъни, ушбу субъектларда 2017 йилнинг 1 январига қадар текшириш ўтказилмайди. Юридик шахсларни тугатиш чоғида қўзғатилган жиноий ишлар доирасида, шунингдек, бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширишлар бундан мустасно.
Анжуманда фармонга мувофиқ жорий этилган янги тартиб-таомиллар, имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. 2014 йил 1 октябрдан бошлаб Интерактив давлат хизматлари ягона порталида махсус «тадбиркорлик субъектининг кабинети» ишлаши тадбиркорларга янада кенг қулайлик яратиши қайд этилди. Чунки ушбу кабинет орқали, интернет-банкинг тизимидан фойдаланиб тадбиркорлар барча тўловларни амалга ошириши мумкин бўлади.
Тадбирда Адлия органлари томонидан тадбиркорлар ҳамда хорижий инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Жорий йилнинг ўтган даврида адлия органлари томонидан тадбиркорликка, шунингдек, хорижий инвестицияларга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 529 ноқонуний қарори бекор қилинди. Тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг манфаатини кўзлаб судларга 11,5 миллиард сўмликдан ортиқ 766 даъво ариза киритилган.
Матбуот анжуманида соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, тадбиркорлар билан ўтказилаётган «очиқ эшиклар куни», «ягона ойна» марказлари фаолияти юзасидан ҳам атрофлича маълумот берилди.