Улар нафақа ёшида турмуш қуришди
Кўнгил ёш, ҳали ҳаётдан умидимиз катта, узоқ йиллар бахтли ҳаёт кечирмоқчимиз, деган ватандошларимизни ҳавас билан кўп бора кузатганмиз.
Кўнгил ёш, ҳали ҳаётдан умидимиз катта, узоқ йиллар бахтли ҳаёт кечирмоқчимиз, деган ватандошларимизни ҳавас билан кўп бора кузатганмиз. Бу умр деганлари қирқда қирчиллатиб, эликка элтганидан сўнг ана шундай ёшда турмуш қурганларни ва уларнинг бир олам оппоқ орзуларини тушуниб етаркансиз.
62 ёшли Вадим Антипов Фарғона шаҳрида истиқомат қилади. Нукуслик хусусий мактаб ўқитувчиси Наталя Чагай билан танишганларига бу йил 4 йил бўлади. Шаръий никоҳдан сўнг улар тўғри Фарғона шаҳридаги 1-сон ФҲДЁ бўлимига ариза билан мурожаат қилишиб, қувонч билан бахтли оиласига қонуний тус беришди.
Хўш, нима бўпти дерсиз. Биласизми, гап нимада. Мамлакатимизда ўрта ёшдан кейин турмуш қурган фуқаролар орасида никоҳни қайд этиш гувоҳномаси энди шарт эмас, ўзи шартимиз кетиб партимиз қолдику, дейдиганлар ҳам талайгина. Бу ҳаётий факт. Лекин ушбу ҳужжат ҳаётда юзага келадиган турли вазиятларда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишини унутмаслик керак.
Биргина Фарғона вилояти ФҲДЁ бўлимлари томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида 33 минг 579 дона туғилганлик, 5 минг 779 дона никоҳ тузилганлик ҳақидаги далолатнома қайд этилган.
– Афсуски, далолатномаларни расмийлаштириш борасида фуқароларимиз орасида ҳали ҳам бефарқлик ҳолатлари бор, – дейди Давлат хизматлари агентлигиФарғона вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Шахноза Имомова.– Лекин тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳамда маҳаллалардаги фаоллар билан ишлаш натижасида бу рақамларни сезиларли тарзда қисқартиришга эришдик. Масалан, 2020 йилнинг 1 июнь кунигача вилоятда 831 та шаръий никоҳ билан чекланган оилаларни қонунийлаштирдик. 85 та муддати ўтган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни расмийлаштирдик. Айни кунларда ёшларнинг никоҳ ва бу билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш борасида дунёқарашлари ижобий томонга ўзгариб бораётганидан хурсандмиз. Масалан, вилоятда ўтган 5 ой давомида 7300 дан ортиқ жуфт ёшлар расмий никоҳдан ўтиш учун ариза берган. Эътиборли жиҳати шундаки, пандемия шароитида, яъни жорий йилнинг 1 июнидан 12 июнига қадар фарғоналик 1000 жуфтдан ортиқ ёш «30 кишилик тўй» билан оила қуришди.
Хулосамиз шуки, ҳаётда ўзини ва тақдирини ҳурмат қиладиган ҳар бир фуқаро никоҳ, туғилганлик ва шу каби ҳужжатларни расмийлаштиришда доимо ҳушёр тортади. Чунки бу каби расмий гувоҳномалар келажакда давлат ва жамият билан муомалада асосий тамал тошини қўяди.Аслида гап мана шунда.