Уламо ғайратли бўлса, миллат ислоҳ топади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари тадбирда уламоларимиз, дин пешволарини инсон қадрини улуғлаш, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларда фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақирдилар. Шунингдек, кейинги йилларда Ҳаж, Умра сафарларига кенг йўл очилаётгани, зиёратга бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши кераклиги таъкидланди. Аммо афсуски, ҳамма жойда ҳам шундай бўлмаётгани, зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби хунук ҳолатлар кўзга ташланаётгани айтилди.
Дарҳақиқат, Ислом дини таълимотида мўмин-мусулмонлар риё ва сумъадан қаттиқ ҳамда қатъий қайтарилади. Риё инсонлар орасида руҳий таъсир, шон-шуҳрат, моддий фойда учун қилинади. Дунёга оид бу каби моддий ва маънавий фойдаларни қўлга киритиш учун динга бўлган ҳурмат ва эътиборни суиистеъмол қилиш риёнинг энг ёмон шаклидир.

Афсуски, ҳали-ҳануз умрага ёки ҳажга бориб келган айрим кимсаларнинг хўжакўрсинга иш тутиб, туяларда ва яна ақлга сиғмайдиган аллақандай ишларни ўйлаб топиб, бу ишларини оммага ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этиши одамларнинг нафратига сабаб бўлмоқда.
Бундай ҳолатлар жуда хатарлидир. Чунки риё ҳадиси шарифда ширкка тенглаштирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Шубҳасиз риё ширкдир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Биз ҳар қанча яширсак ҳам риё барибир кўзга ташланади. Риёнинг ҳаммаси ахлоқсизлик бўлгани каби ибодатларда риёкор бўлиш энг катта ахлоқсизликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта сиз учун энг қўрқадиган нарсам, кичик ширк, яъни риёдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ибодат Аллоҳ таоло учун қилинади. Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсад учун қилинган ибодат Парвардигорнинг ғазабига гирифтор қилади. Аллоҳ таоло Каломуллоҳда бундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетказманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қоладир. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар” (Бақара сураси, 264-оят).
Аллоҳнинг буйруғини ва розилигини ўйлаб эмас, диндор кўриниш учун ибодат қилиш, олим ва билимли дейишсин, дея илм билан машғул бўлиш, сахий деб номланиш учун закот ва садақа бериш, риёдан иборат ёмон ҳаракатдан бошқа маънони ифода қилмайди.
Аллоҳга ва инсонларга қарши ўзини самимий тутиб риёдан узоқ туриш, иложи бўлса, ибодатларни яширин қилиш, Аллоҳнинг розилигини инсонларнинг мақтовига, истагига, қўрқувига қарши танлаш ҳар бир мусулмоннинг тамойили бўлиши керак.
Ҳаж ва умра, барча ибодатлар холис Аллоҳ таоло учунгина қилиниши шарт. Одамлар кўрсин учун, риё, сумъа, ужб учун қилинган ибодат мўмин-мусулмоннинг савоби олишига эмас, аксинча қаттиқ гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.
Ҳажга, Умрага бориб келган киши одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши керак. Бу Аллоҳ таолонинг буйруғидир: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир” (Оли Имрон сураси, 104-оят).
Юртбошимиз йиғилишда Исъҳоқхон тўра Ибрат домланинг “Уламо ғайрат этганда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларини келтирдилар.
Шундан келиб чиқиб, биз аҳли илмлар, дин пешволари ғайрат қилиб, шижоат билан Ватанимизга, миллатимизга, динимизга хизмат қилишимиз керак. Халқнинг ичига кириб бориб, динимизнинг соф таълимотини яна ҳам кучайтиришимиз зарур. Умрага, ҳажга бораётган юртдошларимизга риё ва сумъадан сақланиш кераклигини тушунтиришимиз лозим.
Жасурбек домла Раупов,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби.