Украина ва АҚШ Саудияда келиша оладими?
Бир ҳафта олдин АҚШ Президенти Дональд Трамп ва унинг украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский ўртасидаги ёқимсиз суҳбат Оқ уйда мисли кўрилмаган таназзулга сабаб бўлди.
Учрашувда ноёб ер майдонлари бўйича келишув имзоланиши режалаштирилган эди, бироқ тўсатдан Зеленский бинони тарк этиши зарурлиги сўралгач, ҳамма иш барбод бўлди.
Трамп Зеленский тинчликка эришиш борасида жиддий эмас, деган қарашни илгари суришда давом этаркан, кейинги кунларда кескинлик янада авж олди.
Вашингтоннинг янги маъмурияти Киевга ҳар қандай ҳарбий ва молиявий ёрдам тўхтатилишини эълон қилди.
Шу аснода Украина раҳбари тез орада АҚШ расмийлари билан тўхтаб қолган тинчлик музокарасини давом эттириш учун учрашишини эълон қилди. Энди вазият яхши томонга ўзгариши мумкин, деб ёзди “Euronews” нашри.
Музокарага келаси ҳафта бошида Саудия Арабистони мезбонлик қилиши кутиляпти. Украина етакчиси душанба куни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан Ар-Риёдда учрашади. Шундан сўнг Америка томони билан учрашувлар бўлиб ўтади.
– Украина тинчликдан кўпроқ манфаатдор, – деган Зеленский.
Мусулмон Зиё, ЎзА