Украина АҚШ билан ҳарбий шартнома тузди
АҚШ Давлат департаменти жума куни эълон қилган баёнотида Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини модернизация қилиш, тегишли асбоб-ускуналар ва хизматларни кўрсатиш бўйича 2,68 миллиард долларлик ҳарбий сотувни маъқуллаганини билдирди.
Конгрессга юборилган хабарномада қайд этилишича, Украина томони “С-300” ва “GAM-67” ракеталари, узоқ масофага мўлжалланган ва лазер билан йўналтириладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа ракета тизимлари, шунингдек, учириш қурилмаларини қайта жиҳозлаш тўпламлари ҳамда дронларга қарши радарларни етказиб беришни сўраган.
Департамент вакилларининг маълум қилишича, битим якуний кучга киргач, Украина ушбу харидни Европа давлатлари ажратган маблағлар ҳамда АҚШнинг аввалги маъмурияти томонидан ажратилган Хорижий ҳарбий молиялаштириш дастури ҳисобидан молиялаштиради.
Шунингдек, идора расмийлари ушбу битим Украинанинг мавжуд ва келажакдаги таҳдидларга қарши курашиш салоҳиятини оширишини ҳамда икки томонлама хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. Хабарга кўра, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Украина ҳудудига АҚШ ҳарбий хизматчиларини юбориш талаб этилмайди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА