Уиткофф-Кушнер учрашуви натижа бердими?
АҚШ Президентининг махсус элчилари Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер Россия ва Украинада учрашувлар ўтказиб, урушни тўхтатиш йўлидаги саъй-ҳаракат муайян натижа берди, дея баёнот беришига қарамай, сиёсий таҳлилчилар музокара туфайли урушаётган томонлар сулҳ томон қадам ташламаганини таъкидламоқда.
Гарчи, элчилар мулоқот жараёнида урушни тўхтатиш бўйича янги ғоялар пайдо бўлди, дея таъкидласа-да, мутахассислар ҳеч қандай ижобий натижа кузатилмаганини айтишмоқда. Масалан, Польша Шарқий Европа тадқиқотлари маркази (OSW) эълон қилган мақолада “Музокара Москва муросага келиши ёки тезкор сулҳга тайёрлик кўришини муҳокама қилиш учун ҳеч қандай асос яратмади”, дейилган.
Яъни, Кремль Трамп маъмуриятининг тезкор натижага эришиш ва музокарадан Киевга босим ўтказиш учун фойдаланишидан ҳамон умидвор.
Таҳлил Москва Украина энергетика инфратузилмасини нишонга олиш ва қишда гуманитар вазиятни ёмонлаштириш орқали урушни давом эттириш ниятидалигини тасдиқламоқда.

Шунингдек, Россия АҚШ ва Европа мамлакатлари ўртасидаги келишмовчиликни чуқурлаштиришга ҳаракат қилиши, шу билан бирга Европада гибрид босим ва ёлғон хабар тарқатиш кампаниясини кучайтириши эҳтимолига урғу берилган.
Киев музокара муваффақиятсизлиги сабаб жавобгарликка тортилмаслиги учун атайлаб конструктив позиция намойиш этмоқда. Қолаверса, Президент Владимир Зеленский Киев учун хавфсизлик кафолатини талаб қилишда давом этяпти, армияни қисқартириш ғояси ҳамда Россиянинг ҳудудий талабини рад этмоқда.

Польшалик таҳлилчилар фикрича, Вашингтоннинг иштироки ортиши нафақат Украинадаги уруш, балки Россиянинг Европада кучайиб бориши ва Москванинг Эронни қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ хавотир билан ҳам боғлиқ.
Бундан бир неча кун аввал махсус элчилар Москва ва Киевда олиб борган музокара натижа бермаганини Зеленскийнинг ўзи ҳам тасдиқлагандай эди. Шунингдек, уруш давом этиши, қишга тайёргарликни бошлаш кераклиги таъкидланган. Айни мақсад учун европалик ҳамкорлардан қурол-яроқ, рус ракеталарини тутиб қолувчи тизим сўралган. Украинани қўллаб-қувватловчи давлатлар вакиллари онлайн учрашувида эса АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Элбриж Колби иттифоқчиларни “жуда чўзиладиган урушга тайёргарлик кўриш”га чақирган. Унинг фикрича, кўҳна қитъа узоқ муддат Киевни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳозирлик кўриши керак.

– Россия қуролли кучлари ва мудофаа саноати салоҳиятини қайта тикламоқда, – дея қўшимча қилган вазир. – Биз узоқ давом этадиган можарога, Украинанинг эҳтиёжи келгуси ой ва йиллар давом этишига тайёр туришимиз зарур.
Европа давлатлари Киев учун янги “Patriot” ракеталари тўпламини тайёрлаётгани ҳақида хабар ҳам уруш тугамаслигига яна бир ишорадек.
“Bloomberg” ёзишича, Европа мамлакатлари, жумладан Буюк Британия, НАТОнинг PURL ташаббуси доирасида Украина учун Америка “Patriot” тутувчи ракеталарини сотиб олиш учун тегишли маблағдан фойдаланиш жараёнининг сўнгги босқичида. Мазкур ёрдам Россия Украина инфратузилмасига ракета зарбасини кучайтириши кутилаётган қишдан олдин етказилиши кутиляпти.
Қироллик аллақачон PURL учун 100 миллион фунт стерлинг ажратгани эълон қилинди. Пулнинг бир қисми “Patriot” ракеталари учун сарфланади. ЕИ таркибидаги мамлакатлар эса Украинага ушбу тизим учун зарур қисмлар сотиб олишга рухсат берувчи истиснога ҳам рози бўлган.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен айтишича, кейинги 3,2 миллиард евролик транш Киевга ҳаво ҳудудини Россия ҳужумидан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Ушбу режа Украина мудофааси бўйича Алоқа гуруҳи йиғилишида муҳокама қилинади. Сотиб олинаётган тўхтатувчи ракеталарнинг аниқ сони ҳали ошкор қилинмаган.
С.Раҳимов, ЎзА