Ҳудудлар ободлиги – юрт фаровонлиги
Фарғона вилоятида саноатни ривожлантириш, айниқса, қишлоқ жойларда сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва замонавий хизмат турларини кўпайтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Фарғона вилоятида саноатни ривожлантириш, айниқса, қишлоқ жойларда сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва замонавий хизмат турларини кўпайтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида жорий йилнинг биринчи ярмида 2 мингга яқин лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.Мазкур дастур самарасида Ёзёвон туманида ҳам катта ўзгаришлар кузатилмоқда, аҳоли фаровонлиги ошиб, қишлоқ ва маҳаллалар тобора обод бўлаётир. Бир пайтлар фақат аграр соҳа билан чекланган туманда бугунги кунда саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида биргина саноат йўналишида 13 истиқболли лойиҳа амалга оширилиб, 1 миллиард 326 миллион сўм маблағ сарфланди. Энг муҳими, касб-ҳунар коллежларини битирган кўплаб ёшлар бандлиги таъминланди.
Мамлакатимизда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва преференциялар туман аҳлини ҳам янги лойиҳалар сари ундамоқда. Айни пайтда бу ерда мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатмоқда. Соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли жорий йилнинг ўтган даврида 110 тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.
Қишлоқларда фаолият кўрсатаётган корхоналар томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар рақобатбардош маҳсулотлар турини кўпайтириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. “Алгоритм” хусусий корхонаси ана шулардан бири. Бу ерда тайёрланаётган қишки кийим-кечаклар хорижникидан асло қолишмайди. Бу маҳсулотларни қўли гул ёзёвонлик чевар қизлар тикмоқда.
– Корхонамиз 1998 йилда атиги 2 ишчи билан фаолият бошлаган, – дейди “Алгоритм” хусусий корхонаси раҳбари Шоҳсанам Мамадалиева. – Бугун тикувчиларнинг сони 50 дан ошди. Президентимизнинг тадбиркорларга кўрсатаётган ғамхўрлиги ишимиз ривожида муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, солиқ соҳасидаги турли имтиёзлар, банк кредитлари корхона фаолиятини янада кенгайтириш имконини бераётир.Ниятимиз, келажакда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобидан яна 200 иш ўрни яратиш.
Бундай саъй-ҳаракатлар қишлоқ ва маҳаллаларнинг янада чирой очишига хизмат қилмоқда. Масалан, яқинда туман марказидаги “Деҳқон бозори” бутунлай қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ўнта мактабнинг замонавий спорт зали, Ёзёвон транспорт касб-ҳунар коллежининг янги устахона биноси қуриб берилди.