Учувчисиз учиш қурилмаси тўхтатиб қолинди
“Навоий аэропорти” чегара божхона постида ТК-6490-сонли авиарейсда 235-04654182-сонли авиа юк хати билан “Express Max US” МЧЖ номига олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмалари орасида 3008-рақамли инвойс асосида фуқаро Ш.С. номига келаётган юклар холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада жўнатмалар орасига яширилган тегишли рухсатномасиз бир дона Хитой давлатида ишлаб чиқарилган “F55 smart drone” русумли “Piranha” номли учувчисиз учиш қурилмаси борлиги аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги “Ўзавиация” агентлигининг хатида фуқаро Ш.С. номига олиб келинган ушбу бир дона Хитой давлатида ишлаб чиқарилган “F55 smart dronе” русумли “Piranha” ёзувли учувчисиз учиш аппарати техник жиҳатдан яроқли эканлиги, учиш вазни 132 граммни ташкил қилишига қарамасдан, фото ва видеокамераси бўлганлиги сабабли учувчисиз учиш аппаратлари турига кириши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан мамлакат ҳудудига олиб кириш, сақлаш, олиб чиқиш, сотиш ва ундан фойдаланиш таъқиқланганлиги маълум қилинган.
Мазкур ҳолатда Ўзбекистон фуқароси Ш.С.нинг ҳаракатларида Жиноят Кодексининг 244-моддаси 1-қисмида кўрсатилган учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонунга хилоф равишда олиб кириш жинояти аломатлари мавжуд. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади Навоий вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабарида
А.Бўриев, ЎзА