“Учтўрғон”ликларнинг орзуси амалга ошди
Боёвут туманидаги Учтўрғон маҳалласидаги ихтисослаштирилган мактабда 456 нафар ўқувчи учун замонавий спорт инфратузилмаси яратилмоқда. Олдинлари болалар футбол ва волейбол каби турлар бўйича мусобақалар ўтказиш ва спорт тўгараклари ташкил этиш учун зарур шароитлар мавжуд эмас эди.
“Ташаббусли бюджет” дастури нафақат мактаб ўқувчилари, балки маҳалла аҳлининг орзуларини ҳам рўёбга чиқариш имконини берди.


Спорт майдонини қуриш ташаббуси маҳалла аҳли ва мактаб жамоаси томонидан илгари сурилди. Жамоатчилик орасида ўтказилган овоз беришда лойиҳа 2807 та овоз тўплаб, ғолиб бўлди. Мактаб учун устки қисми ёпиқ, замонавий футбол майдони ҳамда воркаут майдончасини қуриш учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди. Қурилиш ишлари “Гулистон Истиқбол” хусусий корхонаси томонидан жадал суратда олиб борилмоқда.

Мактаб директори Зафар Алимовнинг фикрича, лойиҳа нафақат таълим муассасаси учун, балки болаларнинг жисмоний ривожланиши ва ижтимоий фаоллигини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга:
– Янги спорт майдони болаларнинг салоҳиятини ривожлантириш, турли мусобақаларда иштирок этиш ва соғлом турмуш тарзига жалб қилишда хизмат қилади. Бу мактаб ва маҳалла ҳаётида катта ўзгаришлар олиб келади.


Лойиҳа якунлангач, мактаб ўқувчилари ва маҳалла аҳли барқарор ва замонавий спорт инфратузилмасига эга бўлади. Бу болаларнинг салоҳиятини ривожлантириш, спортга жалб қилиш ва жисмоний тарбияни кучайтиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири