Учтепалик отадан 40 млн. сўм алимент пуллари ундирилди
Натижада 2020 йил 18 май куни қарздор Н.С.дан 40 млн. 400 минг сўм алимент пуллари Х.С.га тўлиқ ундириб берилди.
Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими иш юритувига Фуқаролик ишлари бўйча Учтепа туманлараро судининг қарздор Н.С.дан ундирувчи Х.С. фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 1/2 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Алиментчи ота Н.С. 2017 йил апрель ойидан 2020 йилнинг апрель ойига қадар бўлган даврда яъни 36 ой давомида вояга етмаган 3 нафар фарзандлари учун алимент пулларини тўламасдан келган. Собиқ турмуш ўртоғининг бу эътиборсизлигидан норози бўлган ундирувчи Х.С. Бюронинг Учтепа туман бўлимига мурожаат қилган.
Карантин шароитида 3 нафар вояга етмаган фарзанд тақдирига эътиборсиз бўлмаган МИБнинг туман бўлими давлат ижрочилари дарҳол қарздор отага нисбатан мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширди. Шунингдек, алиментчи отага нисбатан олиб борилган тўғри тушунтирув ва тарғибот суҳбатлари ёрдам берди.
Натижада 2020 йил 18 май куни қарздор Н.С.дан 40 млн. 400 минг сўм алимент пуллари Х.С.га тўлиқ ундириб берилди. Ундирувчи карантин вазиятида 3 нафар фарзанди учун 3 йиллик алимент пуллари тезкорлик билан ундириб берилганидан мамнун бўлди.