Учқудуқда “Мустақиллик тўйи"
Кончилар ва металлурглар маскани – Учқудуқда “Мустақиллик тўйи” ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтмоқда. Шаҳарда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, қад ростлаётган янги иншоотлар, янгиланиб, замонавий қиёфа касб этаётган ижтимоий объектлар Янги Ўзбекистоннинг янгиланиш руҳини ўзида намоён этмоқда.
Бироқ халқимиз учун байрамнинг ҳақиқий файзи, аввало, шодиёна кайфият, дилларга қувонч бағишлайдиган маданий тадбирлар билан уйғунлашганда янада ортиб боради. Ана шундай эзгу мақсадда Навоий кон-металлургия комбинати маъмурияти ва касаба уюшмаси кенгаши ташаббуси билан ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари ҳамда Учқудуқ шаҳри аҳолиси учун катта концерт дастури ташкил этилди.
Очиқ осмон остида, замонавий ёритиш ускуналари билан жиҳозланган ва байрамона безатилган майдон ҳақиқий санъат масканига айланди. Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов ҳамда “Браво” оркестри иштирокидаги концерт дастури учқудуқликлар учун нафақат кўнгилочар тадбир, балки унутилмас маданий воқеа бўлди.

Концерт давомида “Браво” оркестри ижросида ўзбек ва жаҳон мумтоз мусиқаси дурдоналари, машҳур кинофильмлардан таниш ва севимли куй-қўшиқлар, эстрада оҳанглари янгради. Жонли ижро, маҳоратли мусиқачилар ва таниқли санъаткорларнинг саҳнадаги чиқишлари томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлади.
– Ҳар йили Тошкентда ўтадиган Мустақиллик байрами тантаналарида иштирок этишни орзу қилардим. Бугунги концертда ўша орзум амалга ошгандек бўлди, – дейди ҳаяжон билан Маҳлиё Ортиқова. – Тўғриси, оркестр ижросини жонли тарзда биринчи марта кўришим. Учқудуқ кенгликларида баралла куйлаган Рамиз Усмонов билан бир саҳнада, бир майдонда учрашганимдан жуда хурсандман. Ташкилотчиларга минг бора ташаккур!

Концертнинг яна бир ўзига хос жиҳати шунда бўлдики, томошабинлар орасида санъатни касб қилганлар ҳам бор эди. Учқудуқлик Муҳаррамой Ғуломова маданият уйида хонанда бўлиб ишлайди. Аммо бу сафар у саҳнада эмас, оддий томошабин сифатида концертдан баҳра олди. Айниқса, опера йўналишидаги асарлар ижроси унга алоҳида завқ бағишлади ва у таниқли хонандаларга қўшилиб куйлади.
– Мен учун бу кун унутилмас кун бўлди, десам янглишмайман. Ўзим опера йўналишида таҳсил олганман. Бундай таниқли оркестр жўрлигида куйлаш айнан Учқудуқда насиб этганини қаранг. Овозимга ёнимдагилар тугул, ўзим ҳам қойил қолдим. Одам яйраса, қўшиқлар ҳам шундай ширали чиқар экан, – дейди Муҳаррамой Ғуломова.

Дарҳақиқат, бу кеча Учқудуқ аҳли учун мусиқа ва санъатга ошуфта қалбларни бирлаштирган, байрам шукуҳини янада оширган файзли тадбир бўлди. Очиқ осмон остида янграган дилбар куйлар, машҳур қўшиқлар ва самимий олқишлар шаҳар узра узоқ вақт таралиб турди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири