Учқўрғонда картинг мусобақаси
Учқўрғон туманидаги замонавий картодромда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан картинг бўйича ёшлар ўртасида мамлакат чемпионати бўлиб ўтди.
Спортнинг техник-амалий турлари, айниқса картинг пойгаси бўйича Республика ва халқаро миқёсидаги спорт мусобақаларини ташкиллаштириш ва ўтказиш борасида “Наманган тажрибаси” кенг оммалашмоқда. Бу борада вилоятда яратилган қулай шароит ва имкониятлар, қолаверса, ҳарбий ватанпарварлик йўналишидаги спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор муҳим омил бўлмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

“Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят кенгаши тизимидаги шаҳар ва туман ўқув-спорт техника клубларида автокросс, мотокросс, картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, пневматик қуролдан ўқ отиш, авиамодел, ракетамодел, радиоспорт каби спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган.
Учқўрғон тумани ўқув спорт техника клубига қарашли картадром замонавийлиги, халқаро талабларга мослиги жиҳатидан нафақат, Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги ягона техник-амалий спорт комплекси ҳисобланади. Чемпионат тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, уч кун давом этган мусобақада Қашқадарё, Сирдарё, Андижон, Фарғона, Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда пойтахтимиздан сараланган 10 та жамоа таркибида 50 нафардан зиёд спортчи баҳсларга киришди. Чемпионатнинг “Микро” класс (50 см. куб), “Мини” класс (60 см. куб), “125 см. куб”, “K” ва “YU” синфлари бўйича картинг пойгаларда Тошкент шаҳридан Сергей Стенин ва Элшан Толибов, Наманган вилоятидан Абубакр Қодиржонов, Фарғона вилоятидан Исмоил Саидовлар ғолиб бўлди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Наманган вилояти жамоаси Ўзбекистон чемпиони бўлди. Иккинчи ўринни Тошкент вилояти вакиллари, учинчи ўринни сирдарёлик картингчилар эгаллади. Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида иштирок этган “Ватанпарвар” ташкилоти Республика Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Алишер Абдусамадов, вилоят ташкилоти раҳбари в.б. Ҳабибулло Жўраев чемпионат ғолиб-совриндор спортчилари, жамоаларга кубок, диплом, медаллар ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.