Учкўприк туманида маҳаллий хомашёдан дори-дармонлар ишлаб чиқарилмоқда
Фармацевтика саноати иқтисодиётимизнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири. Айни пайтда мамлакатимизда юздан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Ўттизга яқин корхонада халқаро сифатни бошқариш тизими жорий этилган.
Фармацевтика саноати иқтисодиётимизнинг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири. Айни пайтда мамлакатимизда юздан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Ўттизга яқин корхонада халқаро сифатни бошқариш тизими жорий этилган.Соҳага йўналтирилаётган чет эл инвестициялари ҳажми йилдан-йилга ортиб, сифатли дори воситалари ишлаб чиқариш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Фарғона вилоятида фармацевтика саноатини ривожлантириш, замонавий ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Учкўприк туманидаги “Top victory” масъулияти чекланган жамиятида маҳаллий хомашё асосида биологик фаол қўшимчалар ва табиий гиёҳлардан сифатли дори-дармон ишлаб чиқарилаётир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, юртимизда ўсадиган 1 минг 150 дан ортиқ турдаги ўсимликда дориворлик хусусияти мавжуд. Шу боис мазкур жамиятда доривор ўсимликлар етиштириш ва улар асосида олинадиган дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот сифатини ошириш бўйича белгиланган тадбирлар самарасида жорий йилнинг ўтган даврида 17 янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда жамият маҳсулотлари Тошкент шаҳридаги 71 ва бошқа вилоятлардаги 120 тадан ортиқ дорихонага шартнома асосида етказиб берилмоқда. Бу маҳсулотлар четдан келтирилаётган дори воситаларига қараганда сифатли ва нархи 3-4 баробар арзон экани истеъмолчиларга манзур бўлаётир.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилаётган доимий эътибор бизни маҳаллий хомашёдан дори воситалари ишлаб чиқаришга ундади, – дейди жамият раҳбари Комилжон Холматов. – Бизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва биологик фаол қўшимчалар замонавий тиббиётнинг эндокринология, педиатрия йўналишлари ва қатор касалликларнинг олдини олишда ишлатилади. Йил охирига қадар яна беш турда дори воситалари ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз.
Жамиятга қарашли 5 гектар майдонда доривор ўсимликлар етиштирилмоқда. Қўқон давлат ўрмон хўжалиги билан имзоланган шартнома асосида хўжалик ерларида етиштириладиган шифобахш гиёҳлар жамиятга хомашё сифатида етказиб берилаётир.