Участкалар референдум ўтказишга тайёр
Мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси референдумига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 3-Бухоро округ комиссияси томонидан ҳам кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилаётир. Вилоятда овоз берувчиларнинг умумий сони 1 миллион 131 минг 414 нафарни ташкил қилади.
Вилоят ҳудудида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 610 та участкалар тузилган. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ги қонуни 21-моддасига асосан, 610 та референдум участкаларида фаолият юритувчи участка комиссия аъзолари таркиби тасдиқланган. Маълумот учун, референдум ўтказувчи участка комиссиялар аъзолари 6 минг 428 нафардан иборат. Уларнинг 5 минг 594 нафари (87 фоизи) илгари ҳам сайлов жараёнларида қатнашган малакали ходимлардир.


Бухоро шаҳар 17-умумий ўрта таълим мактаби биносида 28-референдум участка комиссияси ташкил этилган. “Референдум участкалари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссиялари” тўғрисидаги низомга кўра, ушбу участкада 11 нафар комиссия аъзоси фаолият юритмоқда. Айни дамда комиссия аъзоларининг фаолият юритишлари учун барча қулайлик яратилган. Белгиланган тартибда техник жиҳозлар, турли қўлланмалар ва стендлар билан таъминланган.
– Ўтказилиши кутилаётган референдумга тайёргарлик кўришда комиссия аъолари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бораяпмиз, – дейди 28-референдум участка комиссияси котиби Амина Азимова. – Бунда бизнинг участкага тегишли объектларга бориб, фуқаролар билан ўзаро суҳбатлашган ҳолда референдум қонунчилиги мазмун-моҳиятини тушунтирмоқда.
Референдум участкалари фаолиятини йўлга қўйиш ва жиҳозлар билан таъминлаш референдумга тайёргарлик жараёнларининг дастлабки босқичидир. Бунда ҳар бир участка ўзига тегишли манзилларда фуқароларни овоз берувчи фуқаролар рўйхати билан таништиради. Хато ва ноаниқликлар аниқланса, ариза асосида бартараф этилади.
Ўрганишлар мобайнида маълум бўлдики, Абдурауф Фитрат номидаги Бухоро мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб интернати биносида жойлашган 17-референдум ўтказувчи участка бугунга қадар бириктирилган ҳудуд фуқароларини овоз берувчилар рўйхати билан таништириб, референдум куни ва вақти, овоз бериш тартиби тўғрисида хабардор қилмоқда.
Участканинг жиҳозланишига тўхталадиган бўлсак, бунда стендлар, яширин овоз бериш кабиналари, овоз бериш қутилари ҳамда бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 3-Бухоро округ комиссияси қарашли 610 та референдум участкаларида жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга муносиб тайёргарлик кўрилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА