Уч юз олтмиш беш кун ҳақиқати...
Бугунги миллий матбуотимиз равнақига меҳнати сингган катта авлод қаламкашлари ҳақида гап кетса, уларнинг албатта яратган асарлари ҳақида сўз юритилади.
Кўп ҳолларда уларнинг табиати, феъли, юриш туришию, ўзини қандай тутишигача қалам аҳли зеҳн солади. Чунки машҳурлик бобида анча номдор, катта лавозимлар таъсирида ҳали ҳам яшайдиган кекса қалам аҳли ҳам йўқ эмас.
Табиийки, уларнинг яратган асарларида ҳам буни пайқаш мумкин.
Таниқли публицист, шоир ва кинодраматург Абдухолиқ Абдураззоқов ҳақида сўз борганида эса кўпчиликнинг юзида самимият балқийди. Ижодкорнинг болалиги, талабалик йиллари ҳам осон кечмаган. Тақдир бу инсонни бугун адабиётимиз ва матбуотимизга каттагина ҳисса қўшиб келаётган иқтидорли ижодкорнинг яқинда "Ганжина" нашриётида чоп этилган "Уч юз олтмиш беш кун ҳақиқати" китобини ўқиб, шу фикрга келдим. Унда тилга олинган ҳаётий воқеаларнинг барида ўзбекона ҳаёт тарзи мужассам. Аччисой қишлоғидаги аммасини ўттиз йилдан кейин топиши, бири юртга раҳбарлик қилган давлат арбобини ҳимоя қилиши, номдор ёзувчини ҳимоя қилиб, ҳақиқатларни айта олгани сизни бефарқ қолдирмайди.
Китобда тилга олинган хотиралар жуда кўп. Улар орасида ёзувчи Хайриддин Султон асарларининг яратилиши, ҳикояга образ сифатида кирган прототиплар ҳақида сўз боради. Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг катта полотноси "Лолазор" романи қаҳрамонлари қиёфаси очиб берилади. Адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошевнинг Абдухолиқ Абдураззоқов ҳақида билган ҳақиқатлари, Абдулатиф Абдуллаевнинг "Дўст овловчи", Миллий матбуот маркази раҳбари Шавқиддин Ғаниевнинг у киши ҳақидаги "Мен Муса акам эккан яхшилик дарахтиман" мақолаларида ижодкорнинг самимий инсоний фазилатлари, айниқса узоқ вилоятлардан келиб пойтахтда илдиз отиб ижод қилаётган кўплаб ёшларга ғамхўрлиги тилга олинган.

Амал курсисига миниб, замонга мос турланиб, олдига инсон зоти яқинлай олмаган, амалдан тушгач эса, даврни айблаган одамлар йўқ дейсизми? Яна бир катта хотиралар Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг матбуот котиблигидаги иш тутими билан боғлиқ. Ҳозирги ёшлар бу воқеаларни кўп ҳам билишмайди, билган ёши катталар эса, "ҳа энди уларнинг кетмони учган" даврлар, дея гапириб қўйишади. Аслида кўп ҳақиқатлар эндиликда очиқ айтилмоқда. Абдухолиқ Абдураззоқовнинг айтмоқчи бўлган яна бир ҳақиқати эса севимли шоирамиз Ҳалима Худойбердиева ва у кишинг турмуш ўртоғи Мавлон Умрзоқовнинг бошидан кечган кўргиликлар. Бу эса яқин тарихда, беш-ўн йил аввал рўй бергани ўйлантиради кишини, миллат ташвишида куйиб-ёнган ижодкор бошига бу кулфатларни солган кимсалар ким эди деб ўйлаб қоласиз ва китобдан унга жавоб топасиз. Китобни ўқиб бу хотиралардан чиқаришимиз лозим бўлган аччиқ хулосалар ҳақида ўйлаб қоласиз.
Китобнинг "Ирмоқлар" бобида эса муаллиф айни пайтда ҳам матбуот заҳматидан четда турмай, халқимизга маънавият улашаётган неча ўнлаб ижодкорлар тилга олинадики, бу ижодкорнинг ҳали ҳам ёшларга меҳри товланиб турганидан далолатдир.
Абдухолиқ Абдураззоқовни кўпчилик Муса ака деб излайди. Ўзи эса иккала исмга ҳам ҳозиржавоб. У бир қанча китоблар муаллифи, хизмат кўрсатган журналист, мамлакатимизда ҳуқуқий нашрларни ташкил этишда бош-қош бўлиб, "Ишонч" газетасида бир неча йил бош муҳаррир бўлган. Бу эзгу саъй-ҳаракатларни санайверсак, жуда кўп. Айни вақтда эса Абдухолиқ Абдураззоқовнинг ушбу китоби 70 ёшдаги ижодкорнинг мухлисларига бир ажойиб туҳфасидир.
Ўлжабой ҚАРШИБОЙ