Учқўрғонда йирик мажмуа қурилмоқда
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Туркия ишбилармонлари билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган йирик корхона қурилмоқда.
Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Туркия ишбилармонлари билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган йирик корхона қурилмоқда.
“Uchqoʻrgʻon golden agro organic” қўшма корхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳага мувофиқ мазкур мажмуа ўз ичига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, хусусан, томат пастаси ва мурабболар ишлаб чиқариш, шунингдек, мева-сабзавотларни қуритиш цехлари ҳамда узоқ муддатли сақлаш омборларини ўз ичига олади. Корхонада йилига 3,5 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қуввати яратилади.

Лойиҳага маҳаллий тадбиркорнинг 19 миллиард сўм сармояси ҳамда туркиялик сармоядорларнинг 2 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияси йўналтирилган.
Жорий йилнинг декабрь ойида лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилади ва натижада 150 та иш ўрни очилади. 2022 йилга бориб эса корхонада 500 киши иш билан таъминланади.
Вилоят ҳокими Х.Бозоров коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган карантин шароитида мазкур лойиҳа бўйича бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишди.
