Уч ойда уч турдаги янги маҳсулот
Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастури доирасида уч турдаги арзон, сифатли, хорижникидан қолишмайдиган янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастури доирасида уч турдаги арзон, сифатли, хорижникидан қолишмайдиган янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.Президентимиз раҳнамолигида маҳаллий хомашёни ўзимизда қайта ишлаш учун қулай муҳит, кенг имконият яратилаётгани янги турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Сурхондарё вилоятида саноқли корхонадагина пахта хомашёсидан тола ажратиб олингани, атиги битта енгил саноат корхонаси ип-калава ишлаб чиқарганию, темир-бетон буюмлари тайёрлайдиган, қишлоқ хўжалиги техникаларини қайта таъмирлайдиган бир нечта корхона фаолият юритганини кекса авлод вакиллари яхши эслайди. Ўша йилларда вилоятда битта дон маҳсулотларини, битта гўшт ва иккита сутни қайта ишлайдиган корхона бўлган, холос.
Мустақиллик бизга нафақат эркимизни қайтарди, балки изланиш, янги ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш учун кенг имконият берди, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш учун қулай шароит яратди. Ўтган қисқа вақт ичида эришган ютуқларимизни мустабид тузум давридаги аҳвол билан таққослайдиган бўлсак, кўлами ва миқёсига кўра асрларга татигулик ишларни уддалаганимиз, порлоқ истиқболимиз учун мустаҳкам пойдевор яратганимиз яққол аён бўлади. Бундан қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади, эртанги кунга ишончимиз янада ортади.
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятдаги 21 йирик, 1 минг 359 кичик корхонада 257 турдаги сифатли, рақобатбардош маҳсулот тайёрланмоқда. Изчил ривожланаётган тармоқда жорий йилнинг уч ойида 387 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш даражаси 109,2 фоизни ташкил этган. Ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг бир қисми дунё бозорида сотилаётгани саноатни юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалдаги самарасидир. Соҳа ривожи аҳоли бандлигини, пировардида фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Айни пайтда соҳада ўн саккиз мингдан ортиқ киши доимий иш билан бандлиги фикримиз далилидир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулот, бутловчи буюм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури янги турдаги, рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бераётир. Мазкур дастурга киритилган корхоналар учун бир қатор имтиёзлар берилди. Жумладан, технологик ускуна ва эҳтиёт қисмлар, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган, четдан олиб келинадиган компанентлар божхона ҳамда солиқ тўловларидан озод этилди. Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги “2015-2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжат асосида Денов туманидаги "The best oil is south oil" масъулияти чекланган жамияти енгил ва юк автомобилларга мотор мойлари ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Мутахассисларнинг фикрича, айни пайтга қадар мазкур мойлар вилоятга четдан олиб келинган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган мотор мойлари сифати хорижникидан асло қолишмайди.
– Хориж технологияси асосида ишлаб чиқараётган янги турдаги дастлабки маҳсулотимиз арзонлиги ва юқори сифати билан харидорларга манзур бўлди, – дейди “The best oil is south oil" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Даврон Имомназаров. – Четдан келтириладиган қўшимча хомашё учун божхона ва солиқ тўловларида имтиёз берилгани ютуқларимиз омили бўлмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар аҳолини табиий, арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Вилоят ишбилармонларининг бундай хайрли ташаббусларини молия институтлари қўллаб-қувватлаб, уларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар ажратаётгани ҳам янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этаётир.
“Сурхон Термиз чинни” масъулияти чекланган жамияти ривожида “Алоқабанк” акциядорлик тижорат банкининг Сурхондарё филиали томонидан берилган 7 миллиард 400 миллион сўм кредит маблағи қўл келди. Бу хайрли иш хусусий секторни янада юксалтириб, ёшларни иш билан таъминлаш, аҳолини ўзимизда ишлаб чиқарилган арзон, рақобатбардош чинни билан узлуксиз таъминлаш имконини берди.
Янги корхонанинг кенг, ёруғ цехларида бўлсангиз, маҳаллий ёшларнинг хорижникидан қолишмайдиган чинни буюмлар ишлаб чиқараётганидан беихтиёр фахрланасиз. Айни пайтда бу ерда 150 ишчи икки сменада меҳнат қилиб, 14 турдаги чинни буюмлар ишлаб чиқараётир. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.
– Корхонамизга тежамкор замонавий технологиялар ўрнатилган, – дейди “Сурхон Термиз чинни” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Рустам Неъматуллаев. – Бу иш жараёнини енгиллаштириб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга кўмаклашади. Хориж ускуналари йилига саккиз миллион донадан ортиқ чинни буюм ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларимизга бошқа вилоятлардан ҳам буюртмалар келиб тушмоқда. Келгусида маҳаллий бозордан ортган қисмини хорижга экспорт қилишни мўлжалламоқдамиз.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик, аҳиллик ва инсон манфаатларини таъминлаш, хусусий секторни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.