Уч авлод вакиллари “Ёшлар куни”да учрашди
Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида "Пайшанба – Ёшлар куни" муносабати билан “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Унда меҳнат фахрийлари, ўрта авлод, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Учрашувда туман ҳокими Қосим Мардонов мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшларнинг илм-фан сирларини чуқур ўрганиб, ўз истеъдодини намойиш этиши, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб улғайиши юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Бундай имкониятлардан оқилона фойдаланаётган ўғил-қизлар илм-фан, маданият, санъат ва спорт каби соҳаларда қувонарли ютуқларга эришаётгани қайд этилди.

– Жорий йил тумандаги умумтаълим мактабларини 1 минг 632 нафар битирувчи ёш тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олмоқда, – деди Қосим Мардонов. Уларнинг 14 нафари фанларни аъло баҳоларга ўқиб, юқори натижалар билан олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, битирувчи ўқувчиларнинг санъат, спорт ва бошқа йўналишларда эришаётган ютуқлари билан ҳам фахрлансак арзийди. Буларнинг барчаси ёшларга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги самарасидир.

Учрашувда уч авлод вакиллари самимий суҳбат қурди. Кекса ва ўрта авлод вакиллари ёшлик йилларини ёдга олиб, хотиралари билан ўртоқлашди. Ёшлар ўз ҳаётлари мисолида йигит-қизларга яратилаётган замонавий шароитлар, эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди.

Тадбирда ёшларни илм-фанга йўналтириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди. Умумтаълим мактабларини олтин медаль билан битираётган ўғил-қизларга эсдалик совғалар топширилиб, уларнинг келгусидаги ўқиш ва мустақил ҳаётига муваффақият тиланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири