Уч авлод вакиллари ҳарбий қисмда учрашди
Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларда мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Жанубий оператив қўмондонлигининг Сариосиё туманидаги ҳарбий қисмида ташкил этилган уч авлод учрашуви ҳам ана шу санага бағишланди. Унда тумандаги ёши улуғ кексалар, меҳнат фахрийлари, ҳарбий пенсионерлар, ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва ёш авлод вакиллари иштирок этди.
Учрашувда кекса авлод вакиллари мустақилликкача бўлган даврда кўрган-кечирганлари, мустабид тузум даврида ҳарбий қисмлардаги шароитлар, ҳарбий хизматга бўлган муносабат ва ҳарбийлар ўртасидаги носоғлом муҳит ҳақида ҳикоя қилиб берди. Айни пайтда тинч, обод турмушимизни таъминлаётган Ватан посбонлари истиқлол йиллари мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг тинч, обод ҳаётини ишончли таъминлашга қодир Миллий армиямиз барпо этилгани, кейинги йилларда ҳарбий бошқарувнинг тамомила янги тизими шакллантирилиб, ҳарбий қисмларда яратилаётган шароитлар, қўшинларни замонавий ҳарбий техника ҳамда қурол-аслаҳа билан таъминлашга қаратилаётган эътибор, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
– Бизнинг давримизда ота-оналар фарзандларини армияга кўзда ёш ва юракда хавотир билан кузатар эди, – дейди захирадаги офицер Салом Қосимов. – Эндиликда улар, менинг ўғлим Ватани ҳимоясига отланмоқда, киндик қони тўкилган тупроқни ташқи таҳдидлардан асрашга йўл олмоқда, дея чин қалбдан фахрланмоқда. Чунки, у даврда ота-онадан йироққа, бошқа юртларга мажбуран жўнаган бўлса, бугун ўзи туғилиб ўсган юртини ҳимоя қилиш учун бормоқда. Собиқ тузум даврида маънавий-руҳий муҳитдан азият чеккан ва аксарият фарзандларимиз қурилиш батальонларида хизмат қилган бўлса, мустақиллик йиллари ҳаёт мактабига айланган Миллий армиямиз сафларида тобланиб, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, азалий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбияланмоқда.
–Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, – дейди ҳарбий қисм командири, майор Ж.Бурхонов. – Миллий армиямиз халқимизга, халқимиз эса замонавий шароитлар ва жанговар қудратга эга армиямизга янада яқинлашди. Масалан, туманимизда ёшларнинг ҳарбий қисмимизга келиб, ҳаётимизни билан танишиши, замонавий қурол-аслаҳаларни кўздан кечириши ажойиб анъанага айланди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар тарафлама ҳимоя қилиш, уй-жой билан таъминлаш, фарзандларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёзлар бериш каби йўналишларга эътибор кучайтирилди.
Соҳада юз берган бундай янгиланишлар ёшларнинг ҳарбий хизматга қизиқиш ва интилишини кучайтирмоқда.
– Ёз фаслида ҳам бўш вақтимизда ҳарбий қисмга келиб тинчлигимиз посбонлари билан турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказяпмиз, – дейди Мирзо Улуғбек маҳалласида яшайдиган Усмон Юсупов. – Ҳарбий акаларимиз билан турли спорт ўйинларида беллашдик. Бугунги учрашув ҳам менда бой таассурот қолдирди. Биз учун ҳарбий қисм эшиги ҳамиша очиқлигидан қувонамиз. Вақтимиз бўлганда келиб, улар билан дилдан суҳбатлашамиз. Бу учрашувлар келгуси ҳаёт йўлимизни ҳам белгилаб бермоқда. Мен ўзим келажакда ҳарбий хизматчи бўлиб, юртимиз тинчлигини таъминлашга ўз ҳиссамни қўшишга аҳд қилганман.
Учрашув якунида фахрийлар ва ёшлар ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар чиқишлари ва дилрабо куй-қўшиқлар барчага завқ бағишлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА