Уч авлод учрашувида қадриятлар тараннуми
Нуронийларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, янги авлодга таълим-тарбия, меҳр бериш халқимизга хос эзгу фазилатлар сирасига киради.
Асрлар мобайнида тобора сайқалланиб, аждодлардан мерос бўлиб келаётган бундай қадрият ва анъаналар, ўзаро меҳр-оқибат тушунчалари бугунги кунда ҳам ғоятда қадрланади. Оилавий қадриятларнинг узвий бир қисми бўлган бу каби удумларни авайлаб-асраш борасида хайрли ташаббуслар амалга ошириб келинмоқда. Эзгу анъанага айланиб бораётган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий байрам тадбири айни шу йўналишдаги таълим-тарбия жараёнини ўзаро уйғунлаштиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Фарғона вилоятидаги 400 мингга яқин нуроний отахон-онахонлар доимо давлатимизнинг эътиборини ҳис этиб умргузуронлик қилмоқда. Фарғона шаҳрида жойлашган “Афросиёб” тантаналар мажмуасида ташкил этилган бу йилги байрам тадбирига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ибратли оила соҳиблари, нуроний отахон ва онахонлар, меҳнат фахрийлари ҳамда навқирон авлод вакиллари таклиф этилди.
[gallery-10929]
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров байрам иштирокчиларини яқинлашиб келаётган янгиланиш, баҳор айёми Наврўзи олам айёми билан самимий муборакбод этди. Юртимизда халқимизга хос энг эзгу қадриятларни тарғиб этишда “Уч авлод учрашуви” сингари байрам тадбирлари муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Файзли дастурхон атрофида жамул-жам бўлиб, бир пиёла чой устида ҳамфикр, ҳамсуҳбат бўлиш ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлашини қайд этди.
Самимий суҳбатларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Инсон қадри улуғ” тамойили асосида ўтказиб келинаётган уч авлод учрашувлари ҳар бир оила, инсонга эътиборнинг ёрқин намунаси эканлиги таъкидланиб, ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда бундай тадбирларнинг аҳамияти беқиёс эканлиги айтиб ўтилди. Учрашувда сўзга чиққан нуронийлар ёшларни ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида фаол ва фидойи бўлишга рағбатлантириб, тинч-осойишта ҳаёт, дориломон кунлар бардавомлиги учун эзгу тилакларини изҳор этдилар.
Тадбир давомида фахрийларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари тақдим этилди. Байрам тантаналари вилоят санъат усталари, ёш истеъдодларнинг катта гала-концерти ва театрлаштирилган томошаси билан давом этди. Дилбар тароналар, гўзал рақслар, ўйин-кулгулар даврани янада файзга тўлдириб, барчага хушкайфият бахш этди.
М.Сулаймонов,
ЎзА М.Қодиров (сурат), ЎзА