Тяньцзиндан Бишкеккача: адолатли халқаро тартиб сари
Бугун дунё жадал ўзгараётган, халқаро муносабатларда янги куч марказлари шаклланаётган бир шароитда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва тенглик тамойилларини қарор топтириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Глобал бошқарув тизимини замонавий воқеликка мослаштириш, барча мамлакатларнинг манфаатларини инобатга олиш ва халқаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш эса бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан, 1 сентябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан билдирилган фикрлар алоҳида аҳамиятга эга. Унда ШҲТни янада сифатли ривожлантириш, дунёда тенг ҳуқуқли ва тартибли кўп қутблиликни шакллантириш, адолатли ҳамда оқилона глобал бошқарув тизимини барпо этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Си Цзиньпиннинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Глобал Жанубнинг жадал юксалиши халқаро кучлар нисбатида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳияти ошиб, уларнинг жаҳон жараёнларидаги таъсири тобора кучаймоқда. Бу эса халқаро тизимни ислоҳ қилиш, унда барча давлатларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муносиб акс этишини таъминлаш масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда.
Бундан бир йил аввал, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилганининг 80 йиллиги нишонланган тарихий даврда, Тяньцзинда ўтказилган ШҲТ саммитида Хитой томонидан Глобал бошқарув ташаббуси илгари сурилган эди.
Ушбу ташаббус халқаро муносабатларда янада адолатли ва оқилона тизимни шакллантиришга қаратилган муҳим ёндашув сифатида намоён бўлди. Унда давлатларнинг суверен тенглиги, ўзаро ҳурмат, халқаро ҳуқуқ устуворлиги, кўп томонлама мулоқот ва умумий манфаатларга асосланган ҳамкорлик каби тамойиллар устувор ўрин эгаллайди.
Тяньцзинда бошланган жараённинг бир йил ўтиб Бишкекда давом эттирилаётгани эътиборга молик. Зеро, бу галги саммитда БМТнинг халқаро муносабатлардаги марказий ролини мустаҳкамлаш ва кўп қутбли дунёни шакллантириш масалалари марказий ўринга чиқди.
Хўш, кўп қутбли дунё қандай бўлиши керак? Унда турли давлатлар қандай ўрин эгаллайди?
Хитой илгари сураётган “тенг ҳуқуқли ва тартибли кўп қутбли дунё” концепцияси ана шу саволларга жавоб излашга қаратилган.
Тенг ҳуқуқлилик, аввало, барча мамлакатлар учун тенг ҳуқуқ, имконият ва қоидаларни таъминлашни назарда тутади. Давлатнинг ҳудуди, аҳоли сони, иқтисодий салоҳияти ёки ривожланиш даражасидан қатъи назар, ҳар бир мамлакат халқаро жараёнларда иштирок этиш, ўз манфаатларини ифода қилиш ва умумий тараққиётга ҳисса қўшиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.
Тартиблилик эса БМТ Низоми мақсад ва тамойилларига амал қилиш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини ҳурмат қилиш, БМТ марказий ўрин тутадиган халқаро тизим доирасида мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришни англатади.
Бундай ёндашувда суверен тенглик ва ўзаро ҳурмат – асосий тамойил, мувозанат ва тартиб – муҳим шарт, кўп томонлама мулоқот ва маслаҳатлашув – самарали восита, ўзаро манфаат ва умумий фаровонлик эса асосий мақсад сифатида намоён бўлади.
Бишкекда ушбу тамойилларга берилган эътибор халқаро муносабатларда қарама-қаршилик эмас, балки мулоқот ва келишувга устувор аҳамият бериш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

Кўп қутбли дунёнинг шаклланиши билан глобал бошқарув тизимини такомиллаштириш жараёнлари бир-биридан ажралмасдир. Дунё иқтисодиётида янги марказларнинг пайдо бўлиши, ривожланаётган давлатлар салоҳиятининг ортиши амалдаги тизимни замонавий воқеликка мослаштириш заруратини кучайтирмоқда.
Айни пайтда адолатли ва оқилона қоидаларга асосланган халқаро муҳитни шакллантириш давлатларнинг тенг иштирокини таъминлаш, улар ўртасидаги ишончни ошириш ва умумий муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун мустаҳкам замин яратади.
Бу борада ШҲТнинг ўрни алоҳида.
25 йиллик тарихида ташкилот дастлабки минтақавий мулоқот майдонидан кенг қамровли ҳамкорлик тузилмасига айланди. Бугун унга аъзо давлатлар жаҳон аҳолисининг қарийб ярмини ва глобал иқтисодиётнинг салмоқли қисмини қамраб олади.
Ташкилот доирасида хавфсизлик, иқтисодиёт, савдо, транспорт, энергетика, маданият ва гуманитар соҳалардаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Турли сиёсий ва иқтисодий тизимларга эга мамлакатларнинг умумий манфаатлар асосида мулоқот олиб бораётгани эса ШҲТнинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.
Си Цзиньпин таъкидлаганидек, янада жипс ва фаол ШҲТ Евросиё қитъасининг фаровонлигига хизмат қилиши, Глобал Жануб мамлакатларининг тараққиётини қўллаб-қувватлаши ҳамда халқаро тизимни ислоҳ қилиш жараёнига муносиб ҳисса қўшиши мумкин.
Бу жараён Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимиз ташқи сиёсатида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилиш, очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Шу жиҳатдан, ШҲТ доирасида илгари сурилаётган конструктив ташаббуслар Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро ҳамкорликка доир ёндашувлари билан ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг бугунги суръати ҳам ана шу ўзаро манфаат ва ҳурматга асосланган ёндашувнинг амалий натижасидир.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик изчил чуқурлашиб, сиёсий мулоқот билан бир қаторда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, таълим ва гуманитар соҳаларни қамраб олмоқда.
Айниқса, замонавий инфратузилмани барпо этиш, янги транспорт йўлакларини ривожлантириш, энергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш каби йўналишлардаги ҳамкорлик икки мамлакат иқтисодий тараққиёти учун янги имкониятлар яратмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги яқин ҳамкорлик нафақат икки томонлама муносабатлар, балки Марказий Осиёда барқарорлик ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим. Минтақанинг транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, савдо алоқаларини ривожлантириш ва ўзаро боғлиқликни кучайтириш умумий тараққиёт учун хизмат қилади.
Шу маънода, Тяньцзиндан Бишкеккача бўлган жараёнга назар ташласак, глобал бошқарувни ислоҳ қилиш ғояси тобора амалий мазмун касб этаётганини кўриш мумкин.
Бугун инсоният олдида турган муаммолар – тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгариши, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, транспорт-коммуникация алоқаларини кенгайтириш каби вазифалар – бирор бир давлатнинг ёлғиз саъй-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмайди.
Шу боис халқаро муносабатларда мулоқот, ўзаро ишонч, тенглик ва ҳамжиҳатликка асосланган ёндашувнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
ШҲТнинг ривожланиш фалсафаси ҳам айнан шу мақсадларга – хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва умумий манфаатлар асосида мулоқотни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Тяньцзинда илгари сурилган ташаббуслар ва Бишкекда давом эттирилган муҳокамалар шуни кўрсатадики, замонавий дунёда барқарор тараққиётга эришиш учун қарама-қаршиликдан кўра ҳамкорлик, босимдан кўра мулоқот, бир томонлама қарорлардан кўра умумий келишув самаралироқдир.

Энг муҳими, адолатли ва очиқ халқаро тизимни шакллантириш барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олишни талаб қилади. Бунда БМТнинг марказий ролини сақлаш, суверен тенглик ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига амал қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг изчил ривожи, ШҲТ доирасидаги кенг қамровли ҳамкорлик ва глобал бошқарувни такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар бир мақсад – тинчлик, барқарорлик ва умумий тараққиёт учун янада қулай халқаро муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Бундай ёндашув эса ўзгаришлар даврини бошдан кечираётган дунёда ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган янги имкониятларни кенгайтириш, мамлакатлар ва халқларни муштарак мақсадлар атрофида бирлаштириш учун муҳим омил бўлиб қолади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА