«Тутқунлик» фильмининг намойиши
Ёшлар ижод саройида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган «Тутқунлик» бадиий фильми ОАВ вакиллари, ижодкорлар, ҳарбийлар, ёшлар учун намойиш қилинди.
Намойишдан олдин ижодий жамоа таништириб ўтилди. Фильм режиссёри Рашид Маликов картина суратга олиниши жараёнлари, машаққати ҳақида сўзлаб берди.
Фильм Президентимиз ташаббуси билан 2019-2020 йилларда ўтказилган «Меҳр» операциясига бағишланган.

Сценарий муаллифлари Азамат Қоржовов ва Рашид Маликов. Постановкачи оператор Алексей Вензос, композитор Дмитрий Янов-Яновский, рассом Дониёр Абдураҳманов.
Картинада тинч юртини ташлаб, ўзга юртга пул топиш мақсадида кетган инсонлар тақдири ҳикоя қилинади. Адолатсизликка учраган шифокор, турмуш ўртоғи хоҳиши билан шу йўлни танлашга мажбур бўлган аёл, фарзандлар қисмати очиб берилган. Фильмда жанг манзаралари, Суриянинг урушдан, ўқлардан хилватга айланган уйлари, ҳаловатсиз чўл ва саҳроси тасвирланган.

Картина тутқунликда, ҳор ва зорликда, юрт соғинчида яшаётганларни юртга қайтариш учун етиб борган автобусларнинг келиши билан тугайди.
Маълумот учун, Президент ташаббуси билан қайта тикланган ва Кинематография агентлиги томонидан ўтказилган «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида «Тутқунлик» бадиий фильмининг катта премьераси бўлиб ўтган.

Фильм намойишдан сўнг, фикр- мулоҳазалар билдирилди. Таклифлар тингланди, саволларга фильм ижодкорлари томонидан жавоб берилди.
Д. Маматова, ЎзА