Туронбанкнинг бизнес ҳамкорлари йирик брендларга асос солмоқда!
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда ўзининг янги лойиҳаси билан миллий компанияларни ташкил этаётган ишбилармонларнинг сафи кўпайиб бормоқда. Буни рақамлар мисолида кузатадиган бўлсак, ўтган бир йилда Республикада кичик бизнес вакиллари сони 40 мингтагача ошиб 490 мингга етган бўлса, ўрта тадбиркорлар 10 минг нафарни, йирик корхоналар эса 1,5 мингтани ташкил этди.
Албатта, уларнинг сафида 33 йилдан буён ташаббускорларнинг ишончли ва барқарор ҳамкори бўлиб келаётган “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки мижозлари ҳам мавжуддир. Молия муассасаси ўзининг Республика миқёсидаги 21 та Банк хизматлари маркази ва 72 та офиси орқали бугунги кунда 32 мингдан зиёд юридик шахсларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиб келмоқда.
Бу ҳақида Миллий матбуот марказида “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан “Туронбанкнинг бизнес ҳамкорлари йирик брендларга асос солмоқда” мавзусига бағишланган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, банк томонидан жорий йилнинг ҳозирги кунига қадар 925 та ишбилармоннинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб – қувватлаш мақсадида 1,4 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди. Шундан 225 млрд. сўми кичик бизнес вакилларига, 65,4 млрд.сўми аёллар тадбиркорлигига, 184,8 млрд. сўми ўзини – ўзи банд қилган ёшлар стартапларига ва 955,8 млрд. сўми бошқа турдаги кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Албатта, бу манфаатли ҳамкорлик натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилиб, миллий брендлар сони кўпаймоқда.
Шунингдек, бугунги кунда “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки кўплаб йирик корхона ва ташкилотнинг ишончли ҳамкорига айланган.
–Буни аниқ рақамларда кузатадиган бўлсак, 2017 йилдан буён “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти таркибидаги қарийб 20 та йирик ГЭСларни модернизация қилиш ва янги кичик ГЭСларни қуришга 207,6 млн. АҚШ доллари ҳамда 54 млн. ЕВРО миқдорида халқаро молия линиялари ҳисобидан кредит ажратилган, – дейди “Туронбанк” АТБ Бошқарув Раисининг ўринбосари Дилшод Рустамов. –Бунинг натижасида айни вақтда мазкур ГЭСлардан 2 млрд. 300 млн КвТ/с электр энергияси ишлаб чиқарилиб ҳудудларни таъминламоқда. Агарда ҳар бир оила ойига тахминан 400 КвТ/с электр энергиясини сарф қилса, бу қарийб 500 мингга яқин хонадонларга электр энергияси тақдим этилганидан далолат беради.
Бундан ташқари, одамларга “Сирдарё Кафел” номи билан танилган “Peng Sheng” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ҳам банкнинг йирик мижозларидан бири ҳисобланади. Иш бошлаган вақтида умумий қиймати 26 млн. АҚШ доллари бўлган лойиҳанинг бугунги инвестицион имконияти 100 млн. АҚШ долларига чиққан.
Янги иш ўринлари 2 мингдан ошди. Аввалига фақатгина керакмик кафел ишлаб чиқарилган бўлса, Туронбанк молиявий кўмаги билан сантехника маҳсулотлари, қайта ишланган ва ишлов берилган терилар, декор панеллари, томчилатиб суғоришда фойдаланиладиган елим қувурлар, маҳсус сув ўтказгичлар ва плёнкалар, аёллар ва эркаклар пойабзаллари, чарм буюмлар каби 15 та лойиҳа ташкил этилди.
Ишлаб чиқариш майдони 100 гектарга етказилиб, маҳсулотлар экспорти МДҲ давлатлари, Хитой ва Европагача чўзилди. Аҳамиятлиси жорий йилнинг апрел ойида Давлатимиз раҳбари ушбу корхонанинг қиймати 10 млн. АҚШ доллари бўлган 2 та янги лойиҳасига ҳам шахсан старт бердилар. Улар мармар тошларидан 40 турдаги тайёр маҳсулот тайёрлаш ва терининг чиқиндига чиқариб юбориладиган “оксил” қисмидан желатин ишлаб чиқаришдир.
Йирик мижозларимиз ҳақида сўз кетганда, албатта, “SAG” бренди остидаги гиламлари билан танилган компанияни ҳам айтиб ўтишимиз керак. Улар ҳам Туронбанк мижози бўлиб, Собиқ Иттифоқ вақтида машҳур бўлган “Xiva gilam kombinat”ни қайта ребрендинг қилишга эришишди.
Туронбанк кредитлари эвазига бугунги кунда 12 гектар майдонда 800 минг дизайн асосида 300 турдаги гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Фабрика дунёга гилам етказиб бериш бўйича Туркия ва Эрон каби лидерлар қаторидан жой олмоқда. Хаттоки, АҚШда ҳам ўзининг савдо уйига эга.
–Кўпчилик “Lochin” номи билан ўзимизда ишлаб чиқарилаётган юк ташувчи мотоциклларни кўрган ёки эшитган бўлиши керак, – дейди “Туронбанк” АТБ Кичик ва ўрта бизнес департаменти бошқарма бошлиғи Рaвшaн Фaйзиев. – Аввал асосан валютага Хитойдан импорт қилинган ушбу транспортни “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки мижози “Real Moto” корхонаси ишлаб чиқаришни бошлади. Ажратилган кредитлар эвазига олиб келинган технологиялар шу каби юк мотоцикллари ва квадратциклар шунингдек эҳтиёт қисмларни йилига 12 минг донада тайёрлаш имконини бермоқда. Ҳозирда қўшни республикаларга ҳам экспорт бошланган. Бугун кўпчилик чет элнинг эмас балки ўзимизнинг водий Наманганда тикилган кастюм ва пиджакларни харид қилишга одатланмоқда. Хаттоки, улар бугун жаҳон брендлари учун ҳам маҳсулот етказиб беришмоқда. Мана масалан уларнинг энг йириги Туронбанкнинг мижози бўлган "Fazman" текстил корхонасидир. Қарийб 12 гектар майдонда жойлашган замонавий фабрика йилига 350 минг дона кастюм ва пиджак, 525 минг дона пальто, куртка, классик шим, кўйлак ва нимча ишлаб чиқариш қувватига эгадир. Туронбанк ажратган кредитлар эвазига улар янги дастгоҳлар ва технологиялар олиб келиб, бугун МДҲ, Туркия ва Европа давлатларининг илғор брендлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишган.
Бундан ташқари, Марказий Осиёда ҳали анологи бўлмаган, шиша толаси ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Folke Porshe” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонаси, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб АҚШгача экспорт қилаётган “Berad Agro” компанияси, Ўзбекистонга импорт қилинаётган дизел маҳсулотларини маҳаллийлаштиришни бошлаган “Moxsar” нефтни қайта ишлаш заводи, “Smart” номи остида чиқаётган телевизорларни ишлаб чиқарувчи корхона хуллас яна ўнлаб шундай йирик ташкилотлар Туронбанкнинг кредитлари эвазига йилдан – йилга ривожланиб боришмоқда.
Уларнинг иш самарадорлигини ошириш ва бизнес лойиҳаларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг ҳозирги кунига қадар ҳам салкам 1,5 трлн. сўмлик кредитлар ажратилди. Мана шу сингари ишбилармонларимизнинг катта ҳажмдаги инвест лойиҳаларини молиявий қўллаб – қувватлаш мақсадида “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки бир қатор халқаро молия институтлари билан ҳам узвий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Туркиянинг Эксимбанки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Хитойнинг Эксимбанки, Германиянинг “АКА” банки, Чехиянинг CSOB банки ва бошқа ташкилотлар шулар жумласидандир. Улар орқали “Қишлоқ хўжалиги”, “Чорвачиликни ривожлантириш”, “Озиқ – овқат маҳсулотларини қайта ишлаш”, “Тўқимачилик ва текстил”, “Мева – сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш”, “Туризм”, “Хизматлар соҳаси” ҳамда “Ҳунармандчилик” каби ўнлаб йўналишларга хорижий кредит линиялари ўзлаштирилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунга қадар 1000 дан ортиқ 270 млн. долларлик лойиҳалар молиялаштирилди.
Албатта, эндигина ўз бизнесини бошлаётган ёки капиталлашув даражасини ошириш истагида бўлган кичик бизнес субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга корпоратив кредитлар, депозитлар, валюта амалиётлари, ҳисоб – китоб ва ғазна хизматлари, шунингдек, онлайн банкинг энг муҳим восита ҳисобланади. Айни шу жиҳатни инобатга олган ҳолда “Туронбанк” акциядорлик тижорат банкида ҳам мазкур йўналишларнинг барчаси мавжуд.
Биргина юридик шахсларни кредитлаш йўналишини олсак. Бугунги кунда молия муассасаси томонидан уларга “Айланма маблағларни тўлдириш”, “Ишлаб чиқаришни қўллаб - қувватлаш”, “Микрокредитлаш”, “Инвест лойиҳаларни ривожлантириш”, тендер савдоларида қатнашишлари учун “Банк кафолати”, “Экспорт амалиётларини бажариш” ҳамда қуёш панеллари “Eko panel” номли маҳсулотлар тақдим этилмоқда.
Шунингдек, юридик шахсларнинг бўш турган сармояларини юқори фойда билан хавфсиз кўпайтириш мақсадида миллий валютада 20%дан, хорижий валютада эса 7 фоиздан депозитлар таклиф этилмоқда. Қолаверса, ишбилармонларимизнинг вақтлари ва маблағларини тежаш мақсадида, банк томонидан улар учун ҳисобрақамларга масофадан хизмат кўрсатувчи махсус “TuronBusiness” мобил иловаси, “SMS ва Internet banking” хизмати сингари дастурлар ҳам ишга туширилган. Бугунги кунда мазкур кулайликдан қарийб 48 минг нафар юридик мижозлар фойдаланишмоқда.
Шу ўринда яна бир жиҳатни қўшимча қилиш лозим. Давлатимиз раҳбарининг “2020 — 2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор тижорат банклари қатори “Туронбанк” акциядорлик тижорат банкида ҳам кенг қамровли трансформация бошланган. Унинг доирасида Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорлик ўрнатилиб, банкнинг бизнес жараёнарини такомиллаштириш ишлари олиб борилди.
[gallery-15008]
Матбуот анжуманида қайд этилишича, дастлабки энг катта ўзгариш бу эски дастурдан воз кечиб ҳар томонлама мукаммал ишланган “Colvir Banking System” автоматлаштирилган банк тизимига ўтилгани бўлди. Унинг доирасида барча ҳудудий бўлинмалар ягона МФОга ўтказилиб, тадбиркорларга ҳисобрақамларини Республиканинг исталган ҳудудидаги Туронбанк марказларида бажариш имкони берилди.
Қолаверса, трансформация давомида офислар иш жараёнлари оптималлашиб, кичик ва ўрта бизнес билан шуғулланувчи алоҳида департамент ҳам ташкил этилди. Бу эса юридик шахсларга хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигининг ошишига олиб келди.
“Туронбанк” акциядорлик тижорат банки келгуси йилларда ҳам ишбилармонларнинг истиқболли лойиҳалари янада ривож топиши, ташаббус ва ғояларининг рўёбга чиқишида доим кўмакчи ва елкадош бўлиб келади.
Матбуот анжуманида журналистлар саволларига мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.
Шаҳноза Маматуропова,
Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА
Реклама ҳуқуқи асосида